Тошкент бокс бўйича эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади, мусобақада рекорд миқдорда соврин жамғармаси бўлади. Бу ҳақда кеча Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) президенти Умар Кремлёв иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Унда ташкилот раҳбари 2023 йилги жаҳон чемпионати 1-14 май кунлари Тошкентда ўтказилишини тасдиқлади.
«Ишонаманки, бокс бўйича эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионати юқори даражада ўтказилади ва тарихдаги энг зўрларидан бири бўлади. Мен Ўзбекистонда бўлганман ва у ерда мусобақалар қандай ташкил этилишини кўрганман. У ердаги профессионализим ва боксга бўлган меҳр кўп мамлакатлар учун намуна бўлади. Тошкентда янги чемпионларни кўришни сабрсизлик билан кутмоқдаман.
Тарихда илк бора бизда рекорд миқдордаги мукофот жамғармаси бўлади – 5,2 миллион АҚШ доллари. Биринчи ўрин учун 200 минг АҚШ доллари, иккинчи ўринга 100 000 АҚШ доллари, бронза медали соҳибларига эса 50 минг доллардан берилади», деди IBA президенти Умар Кремлёв.
Ўз навбатида, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов Тошкент «жаҳон бокси пойтахти» бўлишидан мамнун эканлигини таъкидлади.
«Бу тасодифан бўлиб қолгани йўқ, Ўзбекистонда узоқ йиллардан бери сақланиб келинаётган бой бокс анъаналари бунга сабабдир. Ўзбекистон бокс оиласи номидан шуни айтишим мумкинки, мамлакатимиз бокс бўйича эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатини юқори савияда ўтказиш учун барча ишни қилади», деди Сакен Полатов.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!