O‘zbekiston, Yangiliklar

Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити — Самарқандга кимлар келмоқда?

Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити — Самарқандга кимлар келмоқда?

11 ноябрь куни Самарқандда Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити бўлиб ўтади. Ушбу олий даражадаги тадбир 2021 йил Истанбул учрашувида Ташкилот номи ўзгаргандан кейинги Биринчи саммит ҳисобланади. Тадбирда 5 та аъзо мамлакат – Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда 2 та кузатувчи – Туркманистон ва Венгрия мамлакатлари раҳбарияти иштирок этиши кутилмоқда.

Шунингдек, саммитда Ташкилот Бош котиби, Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) бош котиби, Туркий тилли давлатлар парламент ассамблеяси (ТУРКПА) бош котиби, Халқаро туркий академия президенти в.б., Туркий мерос ва маданият фонди президенти, Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар Кенгаши раиси ҳам иштирок этиши режалаштирилган.

Тадбир кун тартибидан Ташкилот доирасида сиёсий-иқтисодий, транспорт, маданият ва туризм каби соҳаларда ҳамкорликни янада жадаллаштириш масалалари муҳокамаси ҳамда халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашиш кўзда тутилган.

Самарқанд саммитида 10 дан ортиқ ҳужжат имзо учун киритилиши режалаштирилмоқда.
Тадбирнинг асосий ҳужжати бу — аъзо мамлакатларнинг энг муҳим минтақавий ва глобал муаммолар бўйича мужассамлашган позициялари ўз ифодасини топган Туркий давлатлар ташкилоти Самарқанд саммити Декларациясидир. Унда минтақавий барқарорлик, хавфсизлик ва барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш, транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, маданий мулоқотни чуқурлаштириш бўйича қўшма ёндашувлар белгилаб берилган.

Ўзбекистон ташкилотнинг муҳим аъзоларидан бири ҳисобланади. Шу пайтга қадар давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 30 дан ортиқ ташаббуснинг аксарияти амалиётга жорий этилган.

Яна бир муҳим жиҳати, саммит якунида Ташкилотга раислик бир йил муддатга Туркиядан Ўзбекистонга ўтади.