Jahon, Yangiliklar

Партиялар «уруши»даги дастлабки натижалар маълум

Партиялар «уруши»даги дастлабки натижалар маълум

Қўшма Штатлар оралиқ сайловларда овозларни санаб чиқмоқда.

Маълумотларга кўра, биринчи натижалар республикачиларнинг Вакиллар палатаси учун курашдаги муваффақиятидан далолат беради. Бироқ Сенат тақдири ҳали аниқ эмас – ҳар икки партияда ҳам имконият бор.

Айтиш керакки, демократлар одатда кучли бўлган мамлакат шимоли-шарқидаги аксар сайлов округларида овоз бериш ҳали якунлангани йўқ. Шунингдек, Ғарбий соҳил, айниқса, Калифорнияни ҳам унутмаслик керак.

Олтита асосий штат эътибор марказида турибди. Улардан бештаси, яъни Аризона, Жоржия, Мичиган, Пенсилвания, Висконсин, шунингдек, Невадани Жо Байден 2020 йилда забт этишга муваффақ бўлган эди.

Бутун мамлакат бўйлаб Республикачилар партиясидан номзодлар учун сайловолди ташвиқотини олиб борган собиқ президент Дональд Трамп аллақачон бир қатор штатларда овоз бериш машиналари ишламай қолган сайловларнинг ўтказилишини танқид қилиб, норозилик намойишларига чақирган эди.

Аввалроқ у 15 ноябрь куни «муҳим эълон»ни маълум қилишини ва бу катта эҳтимол билан 2024 йилги президентлик учун яна бир бор ўз номзодини қўйиш қарори билан боғлиқлигини айтганди.

Ушбу сайловлар натижасида Вакиллар палатасининг бутун таркиби ва Сенатнинг учдан бир қисми қайта сайланади. Ҳар икки палата энди Демократик партия томонидан назорат қилинади. Агар республикачилар Конгресс устидан назоратни ўз қўлига олса, бу демократ Жо Байденнинг президентлигининг қолган 2 йилида ўз лавозимида қолишини анча қийинлаштириши мумкин.