Jahon, Yangiliklar

Россия ва Украина чегараларида тириклик сўниб бормоқда

Россия ва Украина чегараларида тириклик сўниб бормоқда

Украина шарқида Бахмут учун шиддатли жанглар давом этмоқда. Москванинг хабар беришича, инфратузилма жиҳатидан муҳим шаҳар уч томондан қуршаб олинган ва Россия ҳужуми изчил ҳамда муваффақиятли давом этмоқда. Бу ҳудуд Россия таъминот занжири учун энг муҳим темир йўл ҳисобланади. Шунингдек, Бахмут Украинанинг орқа қисми учун муҳим ҳудуддир.

Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг айтишича, рус қўшинлари ҳужумга ўнлаб уринишларга қўл уряпти ва катта йўқотишларга дучор бўлмоқда. Киев Кремль Бахмутнинг «деярли қўлга олингани» ҳақидаги хабарларини рад этмоқда. Россиянинг Украина шарқидаги йўқотишларини «мисли кўрилмаган», деб баҳоламоқда.

Айтилишича, Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Украина тупроғидаги қўмондонлик марказига ташриф буюрган ва у ерда ҳарбий хизматчиларга давлат мукофотлари, жумладан, «Олтин юлдуз» медалини топширган.

У билан бирга, Украиналик мутахассислар Херсон вилоятининг рус қўшинларидан озод қилинган аҳоли пунктларини ўрганиш ва миналардан тозалаш ишларини олиб бормоқда.

Херсонга катта эътибор қаратилган. Аввалроқ босқинчи ҳукумат тинч аҳолини шаҳардан олиб чиқиш якунлангани ҳақида хабар берган эди. Ҳар икки томоннинг маълум қилишича, Россия қўшинлари Днепрнинг ўнг қирғоғидаги кварталларни максимал даражада мустаҳкамлаб, Украина Қуролли кучларининг кенг кўламли ҳужумига ҳозирлик кўрмоқда. Айрим таҳлилчиларнинг фикрича, у яқин кунларда бошланиши мумкин.