Бугун Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти иқтисодиёт ва савдо вазирларининг 11-йиғилиши ўтказилди.
Хабар берганимиздек, икки кун давомида кўҳна кент яна бир нуфузли тадбирга мезбонлик қилади. Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарлари иштирокидаги саммит аввалида ҳукуматлараро учрашувлар бўлиб ўтмоқда.
Унда иштирок этаётган «Demokrat.uz» мухбирининг маълум қилишича, учрашувда расмийлар томонидан кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришнинг барча йўналишлари муҳокама қилиниб, иқтисодий алоқаларни жадаллаштириш йўлидаги кейинги қадамлар белгилаб олинмоқда.
Хусусан, савдо, инвестициялар, транспорт ва кўп томонлама алоқалар бўйича ташаббусларни амалга ошириш орқали барча аъзо ҳамда кузатувчи давлатларнинг иқтисодий ривожланишини тезлаштиришга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш йўлида фикр алмашилди.
Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев маълум қилишича, Туркий давлатлар ташкилоти Инвестиция жамғармаси таъсис этилади.
«Бу чора-тадбирлар савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш мақсадида амалга оширилмоқда. Ишонаманки, Инвестиция жамғармасини таъсис этиш кўп қиррали муносабатларимизни ривожланишида янги замин яратади.
Шунингдек, “Савдога кўмаклашиш стратегияси” Туркий давлатлар ташкилоти биринчи саммити доирасида имзоланиши, Ташкилот мамлакатларида савдодаги миқдорий чекловлар ҳамда нотариф чораларни бартараф этилишига кўмаклашади», — деди Жамшид Ходжаев.
Айтиш керакки, савдо-иқтисодий муносабатларнинг барқарорлигини таъминлаш борасида транспорт йўлаклари, божхона-чегара ўтказиш пунктлари ҳамда логистика марказларининг узлуксиз фаолиятини таъминлашда аъзо ва кузатувчи давлатларнинг бирдамлиги, мавжуд шароитларни янада ривожлантириш бўйича аниқ чора тадбирлар ишлаб чиқишилиши бўйича келишувларга эришилди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!