Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммитида иштирок этиш учун бугун Самарқандга келиши кутилмоқда.
Анадолу нашрининг хабар беришича, бортида Туркия раҳбари бўлган самолёт маҳаллий вақт билан соат 10:20 да Анқарадан ҳавога кўтарилган.
Самарқандга ташрифи чоғида Эрдўғонга Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой, Миллий мудофаа вазири Ҳулуси Акар, Транспорт ва инфратузилма вазири Адил Караисмаилўғли ва Президент маъмурияти Алоқа бўлими раҳбари Фаҳреттин Алтун ҳамроҳлик қилмоқда.
Маҳаллий нашрларнинг хабар беришича, Туркия етакчиси Ўзбекистонга ташрифи олдидан матубот анжуманида иштирок этган. У ОАВ вакиллари олдида баёнот бергани айтилмоқда. Хусусан, Самарқандда ТДТ доирасида қандай масалалар муҳокама қилинишига тўхталиб ўтган.
Эрдўғонга кўра, саммитда муҳим қарорлар қабул қилиши кутилмоқда. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, ташкилотнинг келажаги, минтақада тутган ўрни ҳамда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилиниши таъкидланган.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!