Бугун Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги Туркий давлатлар ташкилоти саммити доирасида Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан музокара ўтказди.
Учрашувда олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Фаол ишбилармонлик алоқалари, жумладан, шу кунларда икки мамлакатнинг етакчи компания ва корхоналари иштирокида ўтказилаётган қўшма бизнес форум самарали натижалар бераётгани мамнуният билан қайд этилди.
Саноат, кимё тармоғи, фармацевтика, банк-молия, транспорт ва логистика соҳаларида, бошқа устувор йўналишларда қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди. Бизнес ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича механизмлар яратиш ишларини тезлаштиришга келишиб олинди.
Гуманитар алмашинув дастурларини, энг аввало, таълим, маданият ва кинематография соҳаларида фаол давом эттириш муҳимлиги тахкидланди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!