Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған Шавкат Мирзиёев «Олий даражали Имом Бухорий» ордени билан тақдирланди.
«Бугун тарихий воқеа — бугун қардошим Режеп Таййип Эрдоған Ўзбекистоннинг «Олий даражали Имом Бухорий» ордени билан тақдирланди», деб айтиб ўтган Президент.
«Хабарингиз бор, 2017 йили БМТнинг 72-сессиясида улуғ бобомиз Имом Бухорийнинг меросини ўрганиш ҳақида гапиргандим ва ўша пайтда Туркия Президенти, қардошим Режеп Таййип Эрдоған бу фикрларни қўллаб-қувватлаган эди. Биз Ўзбекистонда Имом Бухорий бобомизнинг меросини чуқур ўрганиш учун Самарқанд заминида ул зотнинг номида халқаро илмий-тадқиқот маркази ва ҳадис илми мактабини ташкил этдик», дея қўшимча қилган давлат раҳбари.
«Ўзбекистон халқи сизнинг қардош элларимиз ўртасидаги дўстона алоқаларни кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни самарали амалга ошириш борасидаги шахсий ҳиссангизни яхши билади ва юксак қадрлайди. Ишончим комилки, умумий тил ва маданиятга, аждодларимизнинг бой меросига, муштарак интилишга асосланган дўстлик ва қардошлик муносабатларимиз янада равнақ топади», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, «Олий даражали Имом Бухорий» ордени илм-фан ва маданият, жумладан, ислом маърифати ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ҳамда илмий меросини ўрганиш ва халқаро майдонда кенг тарғиб қилишда катта ютуқларга эришган хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарларига берилади.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!