O‘zbekiston, Yangiliklar

Янги «иномарка»ларни исталган шахс томонидан сотишга рухсат берилмоқда

Янги «иномарка»ларни исталган шахс томонидан сотишга рухсат берилмоқда

Кеча, 9 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга имзо чекди.

Фармон билан давлат томонидан тадбиркорликни тартибга солишнинг чекланган воситалари белгиланди.

Тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солиш воситалари фақат норматив-ҳуқуқий ва техник норматив ҳужжатлар асосида жорий этилади. Бундай ҳужжатларда белгиланмаган тартибга солиш воситалари ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди.

2023 йил 1 январдан қуйидагилар бекор қилинади:

тадбиркорлар устав фондини камайтиришга оид қарор тўғрисида кредиторларни ёзма хабардор қилиш ва ОАВда эълон бериш;
янги импорт автомобилларини фақат юридик шахслар – ишлаб чиқарувчиларнинг расмий дилерлари томонидан сотиш;
электрни шартномадаги ҳажмдан кўп ишлатган юридик шахсларга электр етказиб беришни тўхтатиб қўйиш;
ЯТТ томонидан ёлланган ходимларни Ягона миллий меҳнат тизимида ҳисобга олиш орқали солиқ органларида алоҳида ҳисобга қўйиш.

Шунингдек, 2023 йил 1 мартдан:

солиқ тўловчиларга сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қарорлар устидан тўғридан-тўғри судга шикоят қилиш ҳуқуқи берилади;
барча юридик шахсларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали тижорат хизматларини кўрсатишга рухсат берилади;
Ҳукумат қарорлари билан амалга ошириладиган суммаси БҲМнинг 3 500 баравари ва ундан кўп давлат харидлари бўйича буюртмалар тўғридан-тўғри шартномалар асосида бажарилишига йўл қўйилмайди;
вазирлик, идора, муассаса ва унинг таркибидаги ташкилот ўртасида қиймати БҲМнинг 3 500 баравари ва ундан кўп товарларнинг тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилиниши тақиқланади.