Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган Туркий давлатлар ташкилотининг саммити доирасида ўтказилган навбатдаги брифингда Давлат экология қўмитаси раиси Н.Обломурадов ҳам ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида ҳамкорликда амлага оширилаётган ишлар бўйича маълумот тақдим этди.
Унга кўра, айни пайтда Ўзбекистон томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда Туркий мамлакатларнинг атроф-муҳит муҳофазаси бўйича тузилмасини ташкил этиш бўйича амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Хусусан, ушбу тузилманинг Концепцияси ишлаб чиқилган бўлиб, унинг муҳокамаси Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар билан биргаликда амалга оширилмоқда.
Минтақа мамлакатларида баланд тоғ экотизимларини сақлаб қолиш, шунингдек, йўқолиб кетиш хавфи остида турган қор қоплони ва экотизимни сақлаш бўйича глобал дастур GSLEP амалга ошириляпти.
GSLEP дастури баланд тоғ тизмалари экотизимлари ҳамда ноёб турдаги қор қоплони тарқалиши ареали бўйича бой табиий муҳитга эга бўлган мамлакатлар қаторида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонни қамраб олади.
Шунингдек, Қозоғистон билан ҳамкорликда сайғоқ антилопасини муҳофаза қилиш бўйича грант лойиҳаси ишлаб чиқилиб, 2023 – 2027 йилларда “Fauna and Flora International” халқаро ташкилоти кўмагида амалга оширилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон Президенти бошчилигида мамлакатда амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси энди Туркий давлатлар ташкилоти даражасига ҳам ташаббус сифатида олиб чиқилади.
Хусусан, эртага – 11 ноябрь куни Туркий давлатлар ташкилоти Самарқанд саммити доирасида ташкилотга аъзо ва кузатувчи мақомидаги мамлакатлар давлат раҳбарлари иштирокида Регистон майдонида кўчат экиш тадбири ўтказилиши режалаштирилган.
Шунингдек, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлган Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда кузатувчи мақомига эга бўлган Венгрия ва Туркманистон давлатлари пойтахтларида ҳам бир вақтнинг ўзида кўчат экиш тадбирлари уюштирилади.
Хусусан, Озарбайжонда 11 ноябрь куни 111 минг 111 та дарахт кўчати ўтқазилиши режалаштирилмоқда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!