Нархларнинг кўтарилиши, пандемия таъсири ва экстремал об-ҳаво шароитида Украина, Афғонистон ҳамда бошқа мамлакатлардан низолар ёки таъқиблар туфайли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган миллионлаб одамлар бу қишда катта қийинчиликларга дуч келиши мумкин. Анадолу ахборот агентлигининг маълумотига кўра, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочоқлар бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси бу ҳақда огоҳлантирган. БМТ матбуот хизмати яқин ойларда гуманитар операцияларни молиялаштириш учун маблағ ажратишга чақириқ эълон қилинганини хабар берган.
БМТ қочоқлар бўйича олий комиссарлик экспертларининг фикрича, бу йилги қиш бир қанча омиллар, жумладан, нархларнинг ошиши туфайли аввалгиларига қараганда қийинроқ бўлади. Кўпгина ички кўчирилганлар, шу жумладан ички қочоқлар ва ўз мамлакатини тарк этган одамлар ўз маблағини қандай сарфлашни танлашлари керак. Яъни, озиқ-овқат, уйни иситиш ёки иссиқ кийим сотиб олиш керакми белгилаб олиши лозим. Бу ҳолатни Женевада бўлиб ўтган брифингда БМТ вакили Ольга Саррадо айтиб ўтди.
Яқин Шарқдаги, асосан, Сурия ҳамда Ироқдан келган кўплаб муҳожирлар совуқ ва қорли қишни чидаб бўлмас чодирларда бошдан кечиришга мажбур бўлади. Улардан баъзилари учун бу уйдан узоқда ўн иккинчи қиш экани айтилмоқда. БМТ қочоқлар бўйича комиссарлигининг ҳисоб-китобларига кўра, зўравонликлардан қочган 3,4 миллионга яқин суриялик ва ироқлик фавқулодда ёрдамсиз омон қололмайди.
Катта иқтисодий инқироз давом этаётган Ливанда суриялик қочоқларнинг 90 фоизи ўта қашшоқликда яшаб келмоқда. Бу одамлар тўйиб овқатланмайди ва тиббий ёрдамга мурожаат қила олмайди. Уларнинг кўпчилиги катта қарзга ботиб, зўрға кун кечирмоқда.
Миллионлаб украиналиклар қишни мамлакат ичидаги қочоқлар яшайдиган жойларда ёки урушдан зарар кўрган уйларида кутиб олмоқда. Кўпчилик тирикчилик манбаларидан айрилди ва уларнинг тақдири ёрдамга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Вазият сув ва электр таъминотидаги узилишлар туфайли янада оғирлашмоқда.
Афғонистоннинг кўплаб аҳолиси қишда ҳаво ҳарорати минус 25 даражадан пастга тушиши мумкин бўлган жуда оғир шароитларда истиқомат қиляпти. Шу билан бирга, мамлакат оғир иқтисодий инқирозни бошдан кечирмоқда, баъзи вилоятлар июнь ойидаги вайронкор зилзиладан ўзини тиклай олмади, натижада минглаб одамлар уйларидан айрилган.
Гуманитар вазият ёмонлашганига қарамай, БМТнинг Қочоқлар бўйича Олий комиссарлиги маблағ етишмаслиги сабабли ёрдам дастурларини қисқартиришга мажбур. Жума куни Офис қишки шароитда ёрдам бериш учун маблағ йиғиш кампаниясини бошлади.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!