Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар кузатилмоқда. Бу бўйича Энергетика вазирлиги расмий баёнот билан чиқди.
“Кунлар кескин совий бошлагандан сўнг истеъмолчиларнинг электр энергияси ва газга бўлган талаби ҳам ортиб бормоқда. Шунингдек, совуқ кунларда магистраль газ қувурлари ва тармоқларида табиий газ босимининг ҳам кескин пасайиши кузатилмоқда.
Бунинг натижасида, электр энергиясини ишлаб чиқарувчи айрим иссиқлик электр станцияларига белгиланган ҳажмлардан кам миқдорда табиий газ етиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайишига олиб келмоқда.
Шундай ҳолларда, электр энергиясини ишлаб чиқариш объектлари, юқори ва паст кучланишли электр тармоқлари, трансформатор пунктлари ҳамда подстанцияларда юкламаларнинг ортиши натижасида содир бўлиши мумкин бўлган йирик аварияларни олдини олиш мақсадида республикамизнинг айрим ҳудудларида электр таъминотида қисқа муддатли чекловлар киритишга мажбур бўлинмоқда.
Худди шунингдек, айрим ҳудудлардаги аҳоли истеъмолчиларида табиий газ босимининг пасайиши ҳам кузатилмоқда. Ҳозирги пайтда барча ёқилғи-энергетика объектларида махсус навбатчилик штаблари ташкил этилган бўлиб, мутахассислар томонидан юзага келган ушбу муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, истеъмолчилардан ушбу вазиятни тўғри тушунишларини сўраган ҳолда, тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган йирик аварияларни олдини олиш ҳамда энергия ресурслари барқарорлигини таъминлаш мақсадида, имкон қадар ушбу ресурслардан тежамкорлик билан фойдаланишларини эслатиб ўтамиз.
Келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз”, дейилади Энергетика вазирлиги баёнотида.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!