O‘zbekiston, Yangiliklar

Саида Мирзиёева Президент Администрациясида раҳбарлик лавозимини эгаллади

Саида Мирзиёева Президент Администрациясида раҳбарлик лавозимини эгаллади

Саида Мирзиёева Президент Администрациясида шўъба мудири лавозимини эгаллади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар бермоқда.

«Президент фармойиши билан Саида Шавкатовна Мирзиёева Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири лавозимига тайинланди. Ушбу шўъба янгидан тузилган бўлиб, Президент Администрацияси раҳбарининг жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ахборот сиёсати учун масъул ўринбосари тизими таркибига киради», дейилади хабарда.

Шунингдек, Саида Мирзиёева ижтимоий соҳа, маданият ва таълим соҳаларидаги ислоҳотлар ижросининг боришини ҳам назорат қилиши маълум қилинган. У 2020 йилдан бугунги кунга қадар Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш фонди васийлик кенгаши раисининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Маълумот учун, Саида Мирзиёева Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети битирувчиси, Тошкент давлат юридик университети, Ломоносов номидаги Москва давлат университети магистри, иқтисодиёт фанлари номзоди ҳисобланади. Саида Мирзиёева кўп йиллар давомида турли соҳаларда, шунингдек, 2019-2020 йилларда Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг ўринбосари вазифасида фаолият кўрсатган.

«Унинг фаолияти давомида сўз эркинлигини таъминлаш, вазирлик ва идораларнинг очиқлик сиёсати, матбуот хизматларини жорий этиш, маданият соҳасини ривожлантириш ва гендер тенглик масалалари бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилди», деб ёзади Шерзод Асадов ўз хабарида.