Ўзбекистоннинг икки ҳудудида ер майдонларининг ноқонуний савдоси билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари қайд этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар бермоқда.
Департаментнинг Олмалиқ шаҳар бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро А.Ю. бошқа бир фуқаро Ш.Б.га юқори лавозимида ишловчи танишлари орқали ўзи раислик қилиб келаётган “З.” боғдорчилик узумчилик ширкатига қарашли 20 сотих ер майдонига эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи ордер олиб бериш эвазига 23 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Департаментнинг Марҳамат туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаро Х.Х. ўзига М.Тожибоев массивида иссиқхона қуриш учун ажратилган 20 сотих ер майдонининг 4 сотихини танишлари орқали фуқаро Г.А.нинг номига турар-жой қуриш учун расмийлаштириб бериш эвазига 7 200 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.
«Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда», дейилади хабарда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!