O‘zbekiston, Yangiliklar

Бухорода ва Самарқандда ноқонуний ер сотаётганлар ушланди

Бухорода ва Самарқандда ноқонуний ер сотаётганлар ушланди

Ўзбекистоннинг икки ҳудудида ер майдонларининг ноқонуний савдоси билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари қайд этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими томонидан ИИБ ва ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаролар Р.Х. ва С.К. (муқаддам судланган) фуқаро Ғ.Гнинг ишончига кириб, унга Бухоро тумани “Боғдашт” МФЙ ҳудудидан “С.К” МЧЖга кўп қаватли уй-жой комплекси қуриш учун 1,12 гектар ер майдонини ажратиш тўғрисидаги қарор бекор қилинган бўлсада, унга ушбу ер майдонини 120 000 АҚШ долларига сотишларини айтиб, танишлари орқали ҳужжатларни расмийлаштириб бериши эвазига олдиндан 70 000 АҚШ долларини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланганлар.

Департаментнинг Самарқанд туман бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, “A.S.” МЧЖ раҳбари М.А. 2 нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларга МЧЖга интенсив токзорлар барпо қилиш учун ажратилган 4 гектар ер майдонини енгил конструкцияли иссиқхона қуриш учун 50 000 АҚШ долларига сотишини айтиб, танишлари орқали ҳужжатларни расмийлаштириб бериши эвазига олдиндан 30 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

«Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда», дейилади хабарда.