O‘zbekiston, Yangiliklar

Давлат бюджети 10 млрд. сўмга яқин зарардан асраб қолинди

Давлат бюджети 10 млрд. сўмга яқин зарардан асраб қолинди

Ўзбекистонга 1 миллиондан зиёд қалбаки акциз маркани олиб киришга уринган трансчегаравий жиноий гуруҳ фош этилди. Бу ҳақда УзА нашри хабар тарқатди.

Маълум қилинишича, 3-6 ноябрь кунлари Давлат божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бош бошқармаси томонидан Андижон вилоятида Давлат хавфсизлиги хизмати ва вилоят божхоначилари билан ҳамкорликда тезкор-қидирув тадбири ўтказилди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон божхона хизматлари ҳамкорлигидаги тезкор тадбирда қалбаки акциз маркаларни тайёрлаб, уни ўтказишга уринган трансчегаравий жиноий гуруҳ фош қилинди.

Суриштирувлар давомида маълум бўлишича, қалбаки акциз маркалари Наманган шаҳрида яшовчи Ўзбекистон фуқароси буюртмаси бўйича тайёрланган ва Қирғизистонга келтирилган. Бунинг учун ушбу шахс томонидан акциз маркаси намунасини қалбакилаштириш бўйича Андижонда истиқомат қилаётган хорижий шахс орқали муқаддам Хитойга буюртма берган.

Хитойда тайёрланган сохта маркалар Туркия орқали дастлаб Қирғизистонга, сўнгра Ўзбекистонга олиб кирилиши кўзланган эди.

Бу орқали юртдошларимиз саломатлиги учун туғиладиган жиддий хавфдан ташқари, давлат бюджетига 9 млрд. 801 млн. сўмдан зиёд зарар етказилар эди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.