O‘zbekiston, Yangiliklar

Шаҳар марказида қоронғу кўчаларда юришга кўникинг. «Свет» ўчирилади

Шаҳар марказида қоронғу кўчаларда юришга кўникинг. «Свет» ўчирилади

Бугун, 16 ноябрь куни АОКАда энергия ресурслари бўйича масъуллар иштирокидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Энергетика вазирлиги ва унинг тизим ташкилотлари раҳбарияти, тегишли мутасаддилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Вазир ўринбосарининг айтишича, Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказида электр энергияси кўп исроф қилинмоқда.

Шерзод Хўжаевга кўра, ушбу сабаблар билан шаҳардаги ёритиш чироқлари ва электрон реклама эълонларини вақти-вақти билан ўчириш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, Энергетика вазири ўринбосари “Лукойл” компанияси барча мажбуриятларини бажараётгани, у билан тузилган шартномани ҳозир тўғри ёки нотўғри деёлмаслигини ҳам қўшимча қилган.

«Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев эса ГТЛ компаниясидаги ишлаб чиқариш 50 фоизга камайтирилиб, қолган газ аҳолига берилиши режалаштирилаётганини маълум қилди.

Бундан ташқари, Энергетика вазирлиги масъули қайси ҳудудларда электр энергиясидаги узилишлар ярим ёки бир соатдан ошиб кетаётган бўлса, бунинг сабабларини ўрганилишини таъкидлади. Керак бўлса, камчиликларга йўл қўйган масъулларга тегишли тартибда чора кўрилишига урғу берди.

Вазири ўринбосари Шерзод Хўжаевнинг айтишича, тез кунда чекловлар масаласи 80 фоизга ҳал этилади.

“Бунинг учун табиий газ ва электр энергияси экспорти тўхтатилди. Ташқи импорт 20 фоизга оширилди. Бугунги кундаги узилишлар 8-10 соатлаб токни ўчиришга сабаб бўлолмайди”, — дейди у.

«Ўзбекнефтегаз» бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг айтишича, Қашқадарёнинг Муборак газ конидаги 40 йиллик, Шўртан газ конидаги 70 фоиз заҳиралар қазиб олиб бўлинган. Газ заҳираларидаги табиий газ тушишининг ўрнини қоплаш мақсадида геология қидирув ишларига кўпроқ урғу берилаётгани ҳам айтиб ўтилди.