Бугун, 17 ноябрь куни эрта тонгда Ироқ пойтахти Бағдод шаҳрида жойлашган халқаро аэропортда ёнғин содир бўлди. Маҳаллий Shafaq ахборот агентлиги хабарига кўра, ёнғин халқаро аэропорт залларидан бирида келиб чиққан ва қурбон бўлганлар йўқ.
“Ёнғин ВИП терминал ва сайёҳлик агентликлари офислари жойлашган аэропортнинг икки қаватли биносида содир бўлган. Воқеа жойига 15 нафар ўт ўчириш бригадаси етиб келди ва ёнғин ўчирилди. “Жабрланганлар йўқ, фуқаро муҳофазаси ёнғиндан намуналар олиш ва унинг сабабини аниқлаш учун криминал экспертни жалб қилишни талаб қилди”, дейилади агентлик хабарида.
Халқаро аэропортнинг ҳаво бандаргоҳи маъмурияти ёнғин парвозларнинг нормал режимда амалга оширилишига ҳалал бермагани ҳақида баёнот берган.
Хабарларга кўра, сешанба куни ҳам Бағдод халқаро аэропортининг учиш залида ёнғин чиққан ва у тезда ўчирилган эди. Ёнғин туфайли йўловчилардан ҳеч бири жабрланмади, аммо қуюқ тутун туфайли жўнаб кетиш залига хизмат кўрсатувчи уч нафар ходим ис газидан заҳарланиб, касалхонага ётқизилган.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!