Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 ноябрь куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) бош котиби Хельга Шмид билан музокара ўтказди.
ЕХҲТ билан ушбу ташкилот фаолиятининг учта – иқтисодий, сиёсий ва гуманитар йўналишларнинг барчасида ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Кейинги вақтда алоқалар фаоллашгани, очиқ ва конструктив мулоқот ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Ўзаро ҳамкорликка 30 йил тўлган жорий йилнинг ўзида Ўзбекистонга ЕХҲТнинг амалдаги раиси Збигнев Рау ва ЕХҲТнинг Миллий озчиликлар масалалари бўйича Олий комиссари Қайрат Абдураҳмонов ташриф буюрди. Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси, Парламент ассамблеяси ва ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги бўйича вакили билан самарали ҳамкорлик олиб борилмоқда.
Ёшлар ўртасида рақамли кўникмаларни ривожлантириш бўйича ҳамда 2026 йилгача қадар даврга мўлжалланган Террорчилик ва экстремизмга қарши курашиш стратегияси доирасида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Суҳбат давомида ЕХҲТ тузилмаларининг эксперт кўмаги, айниқса Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни давом эттириш ва фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш масалаларида муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Иқтисодиёт ва экология йўналишларидаги ҳамкорликни кучайтириш, “яшил” иқтисодиёт, рақамлаштириш, кичик бизнес ва экология соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги қайд этилди.
Минтақавий ва халқаро хавфсизликнинг долзарб муаммолари муҳокама қилинар экан, қўшни Афғонистондаги вазиятга алоҳида эътибор қаратилди. Афғон халқининг муҳим гуманитар эҳтиёжларини таъминлашга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!