Япония Бош вазири Кишида Фумио унинг мамлакати ва Хитой «кўп муаммоларга» дуч келаётганини, аммо ҳамкорлик йўлларини топиш чоралари кўрилаётганини айтди.
Япония ва Хитой раҳбарларининг эртага ва 19 ноябрь куни Таиландда бўлиб ўтадиган Осиё Тинч океани иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (APEC) саммитида учрашиши кутилмоқда.
Кишида ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин пойтахт Бангкокда бўлиб ўтадиган APEC саммити доирасида икки томонлама ҳамда минтақавий муносабатларни муҳокама қилиши айтилди.
Қайд этилишича, Кишида Япония ҳукуматининг Хитойнинг Шарқий Хитой ва Жанубий Хитой денгизи минтақаларида ҳарбий таъсири кучайиб бораётганидан хавотирларини етказади.
Бангкокка жўнаб кетиш олдидан матбуотга берган интервьюсида Япония бош вазири Хитой билан икки томонлама муносабатларни «барқарор ва конструктив» қилишга чақирди.
Икки ўлка «кўп муаммо ва хавотирлар»га дуч келганини ифода этган Кишида, учрашув чоғида айтилиши керак бўлган нарсаларни етказишини ва «масъулиятли ҳаракат»га чақиришини ҳам билдирган.
Тахминларга кўра, қўшни давлатлар икки томонлама ҳамкорлик соҳаларини, Япония-Хитой муносабатларини барқарор ва конструктив ўрнатиш йўлларини муҳокама қилади.
Агар улар APEC чегарасида юзма-юз кўришса, бу Япония ва Хитой раҳбарларининг қарийб уч йил ичида биринчи марта учрашиши бўлади.
Июль ойида вафот этган Япониянинг собиқ Бош вазири Абе Шинзо охирги марта 2019 йил декабрь ойида Пекинда Президент Си билан учрашган эди. Икки давлат ўртасида «абадий тинчлик ва дўстлик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида»ги коммюнике эса 1972 йилда имзоланган.
Япония ва Хитой бу йил икки томонлама дипломатик муносабатлар барқарорлашувининг 50 йиллигини нишонламоқда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!