Ўзбекистон Республикасига қарши қаратилган ўта оғир жиноятларни содир этганликда айбланиб, қидирувда бўлган – 1995 йилда Тошкент шаҳрида туғилган 2 нафар фуқаро хориждан Ўзбекистонга олиб келинди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур фуқаролар хорижий давлатларда мавсумий ишлаши давомида Интернет орқали халқаро террорчилик ташкилотлари аъзолари билан доимий алоқада бўлиб келган ва уларнинг таъсирида 2021 йилнинг август ойида Сурия Араб Республикаси ҳудудига ўтиб, «Тавхид ва жиҳод катибаси» халқаро террорчилик ташкилоти сафига қўшилган ҳамда жанговар тайёргарликдан ўтган.
Чет эл ҳуқуқ-тартибот идоралари билан олиб борилган ҳамкорликдаги тадбирлар давомида ушбу шахслар хорижий давлатларнинг бирида қўлга олиниб, Ўзбекистонга олиб келинган.
Ҳозирда уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Ҳурматли фуқаролар! Интернет тармоғидан фойдаланиш ва хорижда бўлиш давомида экстремистик ва террорчилик ташкилотларининг дин ниқоби остидаги сохта даъватларига алданиб қолмасликларингизни сўраймиз. Шунингдек, сизда шубҳа туғдирган Телеграм гуруҳларига аъзо бўлишдан тийилишни маслаҳат берамиз», дейилади хабарда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!