Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти фаолияти йўлга қўйилади
Кеча, 18 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Қарорга кўра, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида қуйидагилар ташкил этилади:
- Болалар соғломлаштириш ва аҳоли саломатлигини тиклашга кўмаклашиш жамғармаси;
- Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти.
Жамғарма маблағлари ҳисобидан касаба уюшмалари аъзоларининг фарзандлари дам олиши ва уларни соғломлаштириш харажатларининг бир қисмини қоплаш мақсадида ҳар бир йўлланма учун БҲМнинг 2 баравари (600 минг сўм), бироқ йўлланма нархининг 50 фоизидан ошмаган миқдорда оромгоҳларга компенсация тўланади.
2023 йил 1 январдан:
- Маҳаллий бюджетлар даромадларининг прогноздан ошириб бажарилган қисмининг 10 фоизи ҳар чоракда Жамғармага йўналтирилади;
- Давлат органлари ва ташкилотлари ўз ходимларининг фарзандлари учун сотиб олинган оромгоҳлар йўлланмалари нархининг 50 фоизигача, аммо ҳар бир йўлланма учун БҲМнинг 1 бараваридан (300 минг сўмдан) ошмаган қисми иш берувчилар томонидан компенсация қилиб берилиши мумкин.
Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш масалалари бўйича республика комиссияси ташкил этилади.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!