Москвадаги учта темир йўл вокзали яқинидаги омбор биносида рўй берган ёнғин оқибатида етти киши ҳалок бўлди. Бу ҳақида Россия ОАВлари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига таяниб хабар бермоқда.
Хабар қилинишча, кеча тушдан кейин «Комсомолская» майдони, 1А-бино, 18-уйда жойлашган икки қаватли ғишт омборида ёнғин содир бўлган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, пойтахт марказидан катта қора тутун булутлари осмонга кўтарилган. Омбордаги ёнғин соат 18:20да аниқланиб, соат 22:03 да очиқ олов бартараф этилган. Соат 23.55да ёнғин тўлиқ ўчирилди. Ёнғинни ўчиришга Москва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 42 бирлик техникаси ва 121 нафар шахсий таркиби, шунингдек, махсус поезд жалб қилинган.
Тергов қўмитаси ҳодиса сабабларини аниқламоқда, гувоҳлар сўроқ қилинмоқда. Терговчилар ҳозирча омбордаги товарлар нотўғри сақланганини аниқлади.
Ёнғин бешдан учинчи қийинчилик даражасига эга бўлгани таъкидланмоқда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!