Туркманистон Миллий КенгашиХ алқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг мактубига жавоб йўллаб, қуйидаги фикрларни билдирди.
Туркманистон Миллий Кенгаши
Халқ Маслаҳати Раиси
Гурбангули Бердимуҳамедов
Жаноби Олийларига
Ҳурматли Гурбангули Мяликгулиевич!
Қадрли биродарим!
Авваламбор, яқинда юртимизга амалга оширган ташрифингиз муносабати билан йўллаган самимий мактубингиз, Ўзбекистон ва шахсан менинг шаънимга билдирган илиқ фикрларингиз ҳамда эзгу тилакларингиз учун чин қалбимдан самимий миннатдорлик билдираман.
Жорий йилнинг 11 ноябрида Самарқандда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида Сиз, Жаноби Олийларининг шахсан иштирокингиз анжуманнинг тарихий аҳамияти ва натижадорлигини янада оширишга беқиёс ҳисса қўшиб, туркий оилада қардош ўзбек ва туркман халқларининг дўстона алоқалари нақадар юксак эканлигини яққол намойиш этди.
Мактубингизда баён қилганингиздек, қадим ва бетакрор Самарқанд шаҳри минг йиллар давомида Шарқ ва Ғарбни туташтириб, туркий ва жаҳон цивилизацияларини бир-бирига яқинлаштириб, турли маданиятларни бирлаштириб келган, бой маданий-маънавий хазинаси билан дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган.
Асрлар давомида ёнма-ён тинч ва тотув яшаб келган қардош халқларимизнинг бирлиги, ҳамжиҳатлиги ва абадий дўстлигига, туркий давлатлар интеграцияси ва ўзаро яқин ҳамкорлигига, Ташкилотимизнинг халқаро майдондаги обрў ва нуфузини кескин оширишга беқиёс амалий ҳисса қўшаётган Сиз, Жаноби Олийларининг “Туркий дунёнинг олий ордени” билан тақдирланиши барча аъзо ва кузатувчи давлатлар аҳолиси орасида жуда катта қувонч ҳамда мамнуният билан қабул қилинди.
Бу олий мукофотнинг тантанали равишда тақдим этилиши Сиздек оқил ва донишманд, чинакам фидойи, тажрибали ва ватанпарвар давлат ҳамда жамоат арбобига, қимматли илмий ва ижодий фаолияти билан келажак авлодлар учун бой маънавий-маърифий мерос яратаётган буюк шахсга нисбатан билдирилган чексиз эҳтиром рамзи ҳамдир.
Шубҳа йўқки, бу Туркманистонни туркий дунё ва Ташкилотимиз билан янада яқинлаштиради ҳамда унинг фаолиятида туркман халқининг кенгроқ иштирокини таъминлашга муносиб хизмат қилади.
Саммит якунлари келгусида Ташкилотимиз доирасидаги серқирра ҳамкорлик уфқларини очишга, минтақада ва халқаро миқёсда тинчликни, ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга, Туркий цивилизациянинг янги Уйғониш даврини бошлашга замин яратгани эътиборлидир.
Муҳтарам Гурбангули Мяликгулиевич!
Мактубингиз замирида Сизнинг ўзбек халқи ва маданиятига бўлган чуқур ҳурматингиз, тарихий томирлари, қалби муштарак халқларимиз ўртасидаги азалий ришталарни қадрлаш ва ҳамкорликни ривожлантиришдек эзгу мақсадлар мужассам эканидан беҳад хурсандман.
Ўзбек халқига қон-қардош бўлган туркман эли билан доимий дўстлик алоқалари сўнгги йилларда кенг қулоч ёзгани, яқин қўшничилик муносабатлари стратегик шерикликнинг юқори даражасига кўтарилганини яна бир бор таъкидлашни истардим.
Сизнинг таъбирингиз билан айтганда, “туғишган икки халқ”нинг ўзаро ҳамфикрлиги, очиқ руҳдаги ва самимий мулоқоти элларимизга, биринчи галда ёш авлодларимизга ибрат ва намуна бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Ушбу эзгу ниятлар ифодаси сифатида мен яқинда ҳурматли Президент Сердар Бердимуҳамедов билан кўркам Ашхобод шаҳридаги “Тошкент” боғида дарахт экканимиз ва бу ерда ўз тўйини нишонлаётган ёш оиланинг қувончига шерик бўлиб, уларга оқ фотиҳа берганимизда чуқур рамзий маъно кўраман.
Туркманистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигимиз мисли кўрилмаган даражага кўтарилганини мамнуният билан қайд этиш ўринлидир. Шу кунларда Дашогуз шаҳрида ўзбек ва туркман халқлари дўстлиги фестивали муваффақиятли ўтказилгани ҳам бу фикримнинг ёрқин исботидир.
Фурсатдан фойдаланиб, муҳтарам Гурбангули Мяликгулиевич, Сизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат ва шарафли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар, дўст туркман халқига эса тинчлик-омонлик ва доимий равнақ тилаб қоламан.
Самимий эҳтиром билан,
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!