Jahon, Tahlil

Хориж парламенти: АҚШ парламентида устунлик ким томонда?

Хориж парламенти: АҚШ парламентида устунлик ким томонда?

Кучли парламентсиз жамият ўсмайди, давлат демократик ривожланмайди. Шу маънода АҚШ парламенти дунёдаги энг намунали, энг муросасиз парламентлардан биридир.

8 ноябрь сайлов куни АҚШ Вакиллар палатаси, федерал парламент қуйи палатаси (Конгресс)нинг барча аъзоси, яъни 435 вакил сайланди. Шунингдек, Конгресс юқори палатаси Сенатнинг 100 аъзосидан 35 нафарини сайлади. Бундан ташқари, штатларда минтақавий ва маҳаллий даражада, жумладан, 39 нафар губернатор сайловлари бўлиб ўтди.

Деярли барча таҳлилчилар Вакиллар палатасида кўпчилик ўрни Демократик партиядан Республикачилар партиясига ўтишини башорат қилган эди. Аммо олдинги икки йилда демократлар фақат вице-президентнинг овози туфайли кўпчиликка эга бўлган Сенат учун олдиндан айтиб бўлмайдиган кураш бошланади, дейилганди. Умуман олганда, гарчи оралиқ натижалар эълон қилинаётганда сайлов натижалари сўнгги дақиқаларгача ноаниқ туюлган бўлса ҳам, прогнозлар тўғри чиқди. Сенатга сайловда овозларни санашда қизғинлик охиригача давом этди.

Юқори палатада кўпчиликни қўлга киритиш учун сайловлар ўтказилган 35 штатнинг 14 тасида демократлар етакчилик қилиши керак эди. Республикачиларга эса 35 штатдан 22 тасининг қўллаб-қувватлаши зарур бўлган.

Овозларни санаш жараёнида 12 штат демократларни, 20 штат республикачиларни ёқлагани маълум бўлди. Қолган учта ҳудуддаги овозларни санаш учун анча вақт талаб этилди. Аризонада демократ Марк Келли, қўшни Невада штатида республикачи Адам Лаксальт етакчиликка эришди. Демократлардан Рафаэль Уорнок ва Хершель Уокернинг ғалаба қозониш эҳтимоли тенг бўлиб туюлган Жоржиядаги овозлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга эди.

Натижада овозлар санаб бўлингандан сўнг ҳеч ким Жоржияда устунликни қўлга киритолмади. Яъни, Уорнок 49,4 фоиз, унинг рақиби эса 48,5 фоиз овозга эга бўлди. Мамлакат қонунчилигига кўра, номзодларнинг ҳеч бири сайловчиларнинг ярмидан кўп овозини ололмагани учун 6 декабрь кунига сайловнинг иккинчи босқичида иштирок этиш белгиланди.

Сенат сайловлари натижаси Жоржияда бўлиб ўтадиган иккинчи тур овоз бериш якунига қараб ҳал бўлиши керак эди. Аммо жараёнда кескин бурилиш юз берди. Агар Аризонада пешқадам бўлган Марк Келли якунда ғалаба қозонган бўлса, Адам Лаксальт марра чизиғида Невададаги демократ рақиби Кэтрин Кортес Мастога имкониятни бой берди. Натижада фарқ белгиланган фоиздан кам, яъни 48,9 фоизга нисбатан 48,0 фоиз бўлди. Лаксальт мағлубиятини тан олди ва ғолибни табриклади.

Республикачилардан бўлган номзод Twitter’да эълон қилган мурожаатида ҳали ҳам Қўшма Штатлардаги сайлов қонунчилигидан рози эмаслигини билдирган. Сиёсатчининг фикрича, Америка парламенти янги сайлов қонунларига яхшироқ мослашиши ёки уларни тузатиш устида ишлаши керак.

АҚШда почта орқали ҳам овоз бериш йўлга қўйилган бўлиб, одатда унинг натижалари энг охирида саналади ва кўп ҳолларда респубилкачилар фойдасига ҳисобланади.

Шундай қилиб, демократлар Сенатдаги зарур 50 ўринни қўлга киритди. Бундан кўриндаки, собиқ республикачи футболчи демократ руҳонийни мағлуб этган бўлса ҳам, ​​парламентдаги кўпчилик респубилкачиларга насиб қилмайди. Сабаби яна бир демократ — вице-президент Камала Харриснинг овози туфайли демократлар кўпчиликни қўлга киритади.

Манбаларда ёзилишича, вакиллар палатасига сайловлар кўпчилик таҳлилчилар кутганидан анча қизғин бўлиб чиқди. Овозларни ҳисоблаш марра чизиғига етиб борар экан, кўплаб штатларда республикачилар етакчиси ва унинг демократ таъқибчиси ўртасидаги тафовут тезда қисқариб борди. Невада штатидаги сенатор сайловида бўлгани каби бу каби ҳолатларнинг сони қанча бўлишидан қатъи назар, етакчи барибир алмаштирилади.

Бироқ, кескин вазиятга қарамай, республикачилар бир қатор “баҳсли” сайлов округларида ғалаба қозонишди.

Республикачилар 16 ноябрь куни Калифорния округларидан бирида қўлга киритилган ғалаба туфайли орзу қилинган 218-ўринни ҳам қўлга киритди. Умуман олганда, анъанавий равишда демократлар учун овоз берадиган АҚШнинг аҳолиси энг кўп бўлган штатида республикачилар 53 ўриндан 11 таси ёки ҳали санаб чиқилмагани инобатга олинса, 12 тасини қўлга киритди. Икки йил олдин улар ҳам 11 ўрин, тўрт йил аввал эса бор-йўғи 7 ўринга эга бўлган эди.

Парламент қуйи палатаси республикачиларга ўтгани (бундан олдин иккала палата ҳам демократлар назоратида эди) уларга қонун ижодкорлиги фаолиятига кўпроқ таъсир ўтказиш имкониятини беради. Эндиликда юқори ва қуйи палаталарнинг қўшма қўмитасида кўпроқ қонун лойиҳалари муҳокама қилиниши эҳтимолдан холи эмас. Натижада улариннг ўртасида келишмовчиликлар юзага келиши мумкин. Аммо қонунни қабул қилиш учун ҳар қандай ҳолатда ҳам Конгресснинг иккала қисми ўртасида консенсус талаб қилинади.

Вакиллар палатасининг мутлақ ваколатларидан фақат президентга импичмент эълон қилиш ҳуқуқини таъкидлаш мумкин. Назарий жиҳатдан худди қуйи палатани назорат қилган демократлар аввалроқ Дональд Трампга қарши қўллагандек республикачилар буни Жо Байденга қарши амалга ошириши кутиладиган ҳолат. Бироқ импичмент тўғрисидаги қарор Сенатдаги учдан икки кўпчилик овоз билан маъқулланиши зарур.

Қонунчиликка кўра, Сенатга раислик қилувчи АҚШ вице-президенти Сенатда муайян масала бўйича овозлар тенг бўлингандагина овоз бериш ҳуқуқига эга.

АҚШ Конгресси йиғилишлари Капитолий биносида бўлиб ўтади. Бино 1800 йилларнинг бошида Конгресс учун қурилган. Бинонинг жанубий қисми вакиллар, шимолий қисми эса сенаторларга мўлжалланган. Конгрессмен бўлиш учун 25 ёш, сенаторликка эса 30 ёш тавсия этилади.

Яна бир эътиборли жиҳати, уларнинг қонунлари тез-тез ўзгартирилмайди. Парламентдаги ҳозирги тартиб-қоидага 89 йилдан буён, яъни 1933 йилда киритилган охирги ўзгаришдан бери амал қилиб келинади.

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА