Жорий йилнинг 1 феврал куни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Меҳнат бозори тадқиқотлари институтида Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (ГИЗ)нинг “Ўзбекистонда касб-ҳунар таълими тизимидаги ислоҳотлар ва модернизация жараёнларини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида тўқимачилик саноатидаги олтита касб бўйича профессионал стандартлар тақдимоти ўтказилди. Ушбу касблар лойиҳанинг биринчи компоненти, яъни касбий стандартларни яратиш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида танлаб олинди.
Ушбу ишчи семинарда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Меҳнат ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, Савдо-саноат палатаси, Меҳнат бозори тадқиқотлари институти, Педагогик инновациялар институти, Тўқимачилик корхоналарининг касбий малака бўйича тармоқ кенгашлари, профессионал таълим муассасалари вакиллари ҳамда лойиҳа экспертлари иштирок этишди.
2022 йилнинг сентябр ойида Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (ГИЗ)нинг “Ўзбекистонда касб-ҳунар таълими тизимидаги ислоҳотлар ва модернизация жараёнларини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида касбий стандартларни яратиш, улар асосида ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда тўқимачилик саноатидаги ишчи касб вакиллари учун ПР-кампанияни ташкил этиш компонентлари ўз ишини бошлади. Ушбу лойиҳа компонентлари ГОПА халқаро консалтинг компанияси томонидан амалга оширилмоқда.
Лойиҳанинг биринчи компоненти доирасида тўқимачилик саноатидаги қуйидаги олтита касблар – «Тикувчи», «Тўқимачилик саноати корхоналари учун ускуналар ўрнатувчи», «Ип йигирувчи», «Электрон ускуна асбобларини созловчи», «Техник-технолог», «Тикувчилик саноатида нақш ишлаб чиқарувчиси» танлаб олинди ва мазкур касблар юзасидан ҳар бир касбга бириктирилган муаллифлар профессионал стандартларни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳлар аъзолари ўз фикр-мулоҳазаларини тадбирга ташриф буюрган иштирокчилар билан бўлишишди.
Ушбу учрашув тўқимачилик саноатининг тармоқ малака тизимида профессионал стандартларнинг ўрни ва ролини аниқлаш, янги касбий стандартларни тақдим этиш ва ҳамкор ташкилот вакиллари ҳамда лойиҳа иштирокчилари билан муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилди. Ушбу лойиҳа Ўзбекистонда профессионал стандартларни таълим дастурларига тадбиқ этиш йўллари ҳақида янада чуқурроқ тушунчага эга бўлиш, профессионал стандартларни ўқув режаларида жорий этишда муҳим ўрин тутади.
Маълумот учун: Лойиҳанинг ушбу компонентлари касб-ҳунар таълими ва таълим тизимини модернизация қилиш орқали тўқимачилик саноатини Ўзбекистон иқтисодиётининг энг динамик тармоқларидан бирига айлантиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Лойиҳа, шунингдек, тўқимачилик саноатида ёш мутахассисларни ўқитиш ва шу орқали ёш мутахассисларни иш билан таъминлаш ва уларнинг келгуси йилларда барқарор даромад олишига ҳисса қўшади.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!