O‘zbekiston

Шавкат Мирзиёев Путин билан телефон орқали гаплашди

Шавкат Мирзиёев Путин билан телефон орқали гаплашди

16 феврал куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерасияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақида Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, мазкур суҳбатда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.

Давлат раҳбарлари томонидан ўзаро савдони кўпайтириш, етакчи корхоналарнинг саноат кооперасиясини чуқурлаштириш, қўшма Лойиҳалар офиси доирасида устувор тармоқлардаги инвестисия лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Шу маънода, “Иннопром. Марказий Осиё” халқаро кўргазмаси ва Ўзбекистон-Россия ҳудудлар форумини ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.

«Икки давлат етакчилари маданий-гуманитар алмашинувларни фаоллаштириш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашиб, бўлажак тадбирлар режасини кўриб чиқдилар», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Президент Мирзиёев 4 январ куни ҳам Россия Президенти билан «Иннопром. Марказий Осиё» халқаро кўргазмаси ҳамда Ўзбекистон-Россия Ҳудудлар форуми имкониятларини самарали ишга солиш муҳимлиги ҳақида мулоқот қилган эди.