Ўтган ҳафта Туркия жанубида содир бўлган кучли зилзила оқибатида камида 38 минг киши ҳалок бўлди, 108 000 дан ортиқ киши жароҳатланди, деб хабар берди мамлакат Табиий офатларга қарши кураш агентлиги.
Қаҳраманмараш вилоятида 6 феврал куни содир бўлган 7.7 ва 7.6 магнитудали зилзилаларда Адана, Адияман, Диярбакир, Газиантеп, Ҳатай, Килис, Малатя, Османия, Шанлиурфа ва Элазиг каби 11 вилоятда 13 миллиондан ортиқ одам жабр кўрди.
10 соатдан камроқ вақт ичида Туркияда содир бўлган кучли силкинишларни минтақадаги бир қанча давлатлар, жумладан Сурия ва Ливан ҳам ҳис қилди.
Туркия Фавқулодда вазиятлар бошқармаси баёнотида айтилишича, ҳозирда 253 мингдан ортиқ қидирув-қутқарув ходими зилзила содир бўлган ҳудудда ишламоқда. Ҳозиргача зилзила оқибатида ҳаробага айланган ҳудудлардан камида 216 347 киши эвакуация қилинган.
Дунёнинг турли бурчакларидан Туркияга ҳамдардлик билдирилди, кўплаб давлатлар қутқарув гуруҳлари ва ёрдам жўнатишди. Шу жумладан Ўзбекистон ҳам махсус қутқарув гуруҳларини жўнатиб одамларнинг қутқарилишида ва қулаган деворлар орасидан олиб чиқилишида ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Туркия Ташқи ишлар вазирлиги пайшанба куни маълум қилишича, 74 давлатдан жами 7098 нафар хорижлик ходим ҳозирда соҳада ўз саъй-ҳаракатларини давом эттирмоқда.
Шунингдек, Сурияда ҳам сезилган зилзила айни пайтгача 6 мингдан зиёд одамнинг ёстиғини қуритди. Алеппо ва мамлакат шимоли-ғарбидаги ҳукумат назорати остидаги ҳудудларда қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!