O‘zbekiston

“Эски Жувада” сотувчи аёл ҳамкасбининг қулоғини тишлаб узиб олди

“Эски Жувада” сотувчи аёл ҳамкасбининг қулоғини тишлаб узиб олди

Тошкентдаги “Эски Жува” бозорининг сут маҳсулотлари растасида икки нафар сотувчи аёллар ўртасида катта жанжал юзага келган. Бунга улар ўртасидаги аввалдан мавжуд бўлган келишмовчилик сабаб бўлгани айтилди.

Жанжал натижасида 29 ёшли аёл қўшни савдо растасида сут маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи 30 ёшли ҳамкасбини дўппослаб, камига қулоғининг бир қисмини узиб олган.

Судга оид тиббиёт экспертизаси хулосасига кўра, 29 яшар аёлга ўнг қулоқ солинчаги эзилиб йиртилган яраси, чап елка, чап болдир ички, ўнг сон ва ўнг болдир соҳалари қонталашлари, чап қўл 5-кафт суяги сатҳи, ўнг лунж ва ўнг товон соҳалари шилинмалари кўринишидаги баданнинг тузалмайдиган даражадаги хунуклашишига сабаб бўлган қасддан оғир шикаст етказилган.

Қулоғи тишланган аёл ҳам рақибига бир қанча жароҳат етказган. Бироқ экспертизаси чап елка соҳаси қонталаши, пастки лаб ички шиллиқ қаватига қон қўйилиши кўринишидаги жароҳатларни соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига олиб келадиган енгил шикаст деб топган.

Тошкент шаҳар суди матбуот котиби Садоқат Аллаберганова жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди томонидан қулоғининг ярмидан айрилган аёл қасддан баданга енгил шикаст етказишда айбдор деб топилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жаримага тортилганини маълум қилди. Шунингек, ҳамкасбини тишлаган аёлга нисбатан 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.