Шавкат Мирзиёев Умрага бориш истагида бўлган, лекин маблағи етмаётган айрим фуқароларга ёрдам берилишини билдирди. Давлат раҳбари бу ҳақда 17-феврал куни Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасига ташрифи пайтида айтиб ўтган.
Президент мадраса талабалари билан учрашув чоғида сўнгги йилларда Умра ва Ҳаж сафарларига қатнов сони анча кўпайтирилганини таъкидлаган.
“Умрага хоҳлаганча рухсат бериляпти. Ҳаж сафарлари карра-карра кўпайди. Эътиқод инсоннинг юрагида, бағрида, кўнглида бўлади”, — дейди давлат раҳбари.
Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев муфтий ва талабаларга юзланиб, бу борадаги таклиф бўлса, эшитишга тайёр эканини билдирган. Нуриддин ҳожи Холиқназаров Умрага бориш имконияти бўлмаган кам таъминланганлар учун давлат томонидан ёрдам берилишини сўради.
“Сиздан битта илтимос бўлади, адолатли танлов қилиб берсангиз, хоҳлаганингизча ёрдам бераман. Ҳақиқий кам таъминланганлар истаги, албатта, ижобат бўлади. Уларнинг рўйхатини шакллантириб беринг. Керак бўлса, у ердаги раҳбарларга ҳам айтиб, уларни алоҳида-алоҳида кутиб оладиган қилиб ташкиллаштирамиз”, — дейди президент.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!