Электр энергияси ва табиий газ тармоқларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақида Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар берди.
Қайд этилишича, Департаментнинг Андижон туман бўлими томонидан туман ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда, “M.s.” МЧЖ масъул шахслари “Бахт” МФЙ ҳудудидаги даволаш ва соғломлаштириш биносининг электр ҳисоблагичи кўрсаткичини сунъий равишда тўхтатиб қўйиш орқали 654,6 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.
Департаментнинг Пахтачи тумани бўлими томонидан ГТФ туман филиали ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаро Х.Х. “Жаҳонобод” МФЙда жойлашган хонадонида яширин цех ташкил этиб, 1 дона тош қуритишга мўлжалланган қўлбола усулда тайёрланган газ ёндиргич ишлатиб, 260,5 минг куб табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.
Худди шундай, Департаментнинг Гулистон шаҳар бўлими томонидан ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда, “М.Н.” МЧЖ раҳбари Х.Н. қолипли нон ишлаб чиқариш цехидаги электр ҳисоблаш ускунасининг пломбасини ўзбошимчалик билан бузганлиги ҳамда савдо дўконида назорат муҳрисиз электр ҳисоблагич ишлатиб, 332,5 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.
Департаментнинг Ғузор туман бўлими томонидан ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда эса, туман Ободонлаштириш бошқармаси масъул шахслари бошқарма негизида қолипли бетон ғишт ишлаб чиқариш цехи ташкил этиб, ЭТК билан шартнома тузмасдан умумий фойдаланишдаги тармоққа ўзбошимчалик билан уланиб, 105,5 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.
Ушбу қонунбузилиш ҳолатлари оқибатида, давлат ва жамият манфаатларига жами 789 млн сўм зарар етказилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!