Террористик ташкилот фаолиятида иштирок этган шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилди.
Наманган шаҳрида яшовчи, 1999 й.т. фуқаро 2020 йилнинг сентябрь ойида мавсумий ишлаш мақсадида Туркиянинг Истанбул шаҳрига бориб, тикувчилик цехида ишлаши даврида интернет орқали “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террористик ташкилоти собиқ етакчиси “Абу Салоҳ”нинг маърузаларини мунтазам тинглаши натижасида, унда экстремистик қарашлар шаклланган.
Сўнгра “Тавҳид ва жиҳод катибаси” жангарилари сафига қўшилиш мақсадида интернет орқали мазкур ташкилотнинг 2 нафар аъзоси билан танишиб, уларнинг йўл-йўриқлари асосида 2021 йилнинг январь ойида Сурия давлатига ўтган.
У ерда ҳарбий тайёргарликдан ўтиб, “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террористик ташкилоти жойлашган ҳудудни қўриқлаш билан шуғулланган.
Терроризмга қарши курашиш доирасида ушбу шахснинг қилмишларига чек қўйилиб, 2022 йилнинг июнь ойида у Ўзбекистонга олиб келинди ҳамда Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Жиноят ишлари бўйича Тўрақўрғон туман судининг ҳукмига асосан мазкур фуқаро Жиноят Кодексининг 155-2 моддасининг 1-қисми ва 244-2 моддасининг 1-қисми билан айбдор деб топилиб, унга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!