Қўшкўпирда илк буйрак трансплантацияси амалга оширилиб, сингил ўз акасига донорлик қилди. Бу ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари бошчилигида илк бор буйрак трансплантацияси амалиёти ўтказилди.
Бемор Зафар Хаитбоев — 42 ёшда. Туманнинг Ўртаёп қишлоғидан. Унга сурункали гломерулонефритнинг аралаш тури, сурункали буйрак етишмовчилиги терминал босқичи ташхиси қўйилган. Ўтган йилдан бери гемодиализ муолажаларини олади.
З. Хаитбоев минг километр олисдан пойтахтга келиб, ҳатто узоқ навбат кутиб, мураккаб операция орқали соғайишни ният қилганди. Аммо бунга ҳожат қолмади. Тошкентдаги Хирургия маркази моҳир жарроҳларининг ўзи Қўшкўпирга келиб, трансплантация амалиётини ўтказишди.
Беморга синглиси бир буйрагини берди. Юқори технологик муолажа муваффақиятли ўтди. Ҳозир Зафарнинг ҳам, донорнинг ҳам аҳволи яхши, шифокорлар назорати остида саломатлиги тикланмоқда.
Умуман, ўтган бир йилда Хоразмда тиббиётнинг буйрак трансплантацияси йўналиши оммалашмоқда. Шу кунгача вилоятда 16 та буйрак трансплантацияси ўтказилди.
Шунингдек, 2022 йили Хонқа туманилик 47 яшар Бибижон Худойбергановада бир йўла икки ноёб амалиёт — лапароскоприк холецистэктомия (ўт қопини олиб ташлаш) ва буйрак кўчириб ўтказиш операциялари бажарилгани ҳудуд миқёсида янгилик бўлганди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!