Аввалроқ, Сергелида “Тез ёрдам” ҳайдовчисини аёвсиз калтаклаган фуқарога жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берган эдик.
ССВ матбуот хизмати ҳолат бўйича қўшимча маълумот берди.
Аниқланишича, жорий йил 27 феврал куни эрталаб соат 03:25 ларда Республика тез тиббий ёрдам маркази Тошкент шаҳар филиали CALL-марказига Сергели тумани 4-даҳасидаги хонадонларнинг биридан чақириқ келиб тушган. Шундан сўнг мурожаат тегишлилиги бўйича тумандаги 8 бўлимга узатилгач, ТТЁ бригадаси ходимлари — шифокор Т.А. ва фелдшер Х.О. белгиланган манзилга саноқли дақиқалар ичида етиб борган.
Калтакланиши оқибатида жиддий тан жароҳати олган 1979 йилда туғилган бемор аёл А.A.ga “103” бригадаси томонидан дарҳол биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Шунингдек, фелдшер Х.О. беморнинг ҳолатидан келиб чиқиб, уни зудлик билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази токсикология бўлимига олиб бориш кераклигини айтган.
Шу пайт беморнинг таниши, 1990 йилда туғилган фуқаро К.А. уни гўёки A.A.ga яхши қарамаётганликда айблаб, фелдшерга таҳдид қилган. Қолаверса, муштумзўр фуқаро тиббиёт ходимини ҳимоя қилган тез тиббий ёрдам ҳайдовчиси, 1970 йилда туғилган Т.С.ni уриб, унга жиддий тан жароҳати етказган.
Оқибатда жабрланган тез тиббий ёрдам ҳайдовчиси Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб борилган. Текширувлар натижасида у “Бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, бурун суягининг синиши, бурун юмшоқ тўқималарининг лат ейиши” дастлабки ташхиси билан нейрохирургия бўлимига ётқизилган. Ҳозир бемор белгиланган стандартлар асосида тиббий муолажаларни олмоқда.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан 33 ёшли фуқаро К.А. га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, ички ишлар органлари томонидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!