Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Боку шаҳрига келгач, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан учрашув ўтказди.
Озарбайжон етакчиси эртага, 2 март куни мамлакат пойтахтида бўлиб ўтадиган Қўшилмаслик ҳаракати саммитини қўллаб-қувватлагани ва унда шахсан иштирок этаётгани учун давлатимиз раҳбарига самимий миннатдорлик билдирди.
Шавкат Мирзиёев, ўз навбатида, Озарбайжон ушбу тузилмага самарали раислик қилаётганини алоҳида таъкидлади.
Президентлар олий даражада эришилган келишувлар ижросининг боришини батафсил кўриб чиқдилар. Тизимли ва самарали мулоқотлар туфайли Ўзбекистон-Озарбайжон стратегик шериклик муносабатлари сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилгани, амалий мазмун билан бойигани катта мамнуният билан қайд этилди.
Ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш 50 фоиздан зиёдга ошди. Автомобилсозлик, тўқимачилик саноати ва ипакчилик каби устувор тармоқлардаги кооперация лойиҳалари фаол паллага кирди. Нефть-газ, транспорт ва логистика соҳаларида истиқболли лойиҳалар тайёрланмоқда.
Жорий йилнинг февраль ойида Тошкент шаҳрида ўтган биринчи Ҳудудлар форуми доирасида қўшма Инвестиция фондини ташкил этиш тўғрисида битим имзоланди.
Мамлакатларимиз эркин иқтисодий зоналарни ва солиқ маъмуриятчилиги тизимини ривожлантириш борасида ўзаро тажриба алмашишдан манфаатдорлиги таъкидланди.
Маданий-гуманитар алмашинувни янада кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Давлат раҳбарлари долзарб халқаро ва минтақавий масалаларни муҳокама қилиб, бўлажак тадбирлар режасини кўриб чиқдилар.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!