O‘zbekiston, Yangiliklar

Тошкент вилоятида блогер аёл ҳибсга олинди. ИИББ изоҳ берди

Тошкент вилоятида блогер аёл ҳибсга олинди. ИИББ изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда «Емине-Лемара Мирзаахмедова» тахаллуси билан танилган фуқаро Л.М. кеча ҳибсга олингани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИББ расмий изоҳ берди.

Маълум қилинишича, 1976 йилда туғилган фуқаро, Л.М.га тегишли «TEX KREDO» МЧЖга, Янгийўл тумани ҳудудида жойлашган, хотира майдончасини замонавий шаҳарсозлик талаблари даражасида таъмирлаш учун, шартнома асосида, маҳаллий бюджет ҳисобидан, 329 млн 300 минг сўм миқдордаги пул маблағлари ажратиб берилган.

Мазкур шартнома ижроси юзасидан ўтказилган аудиторлик текширувида эса, пудратчи МЧЖ раҳбари, 47 ёшли Л.М. va бошқалар томонидан, аслида бажарилмаган 227 млн 135 минг сўмлик ишларни қўшиб ёзиш орқали расман бажарилган ишлар ҳисобига киритиб, кўп миқдорда бюджет маблағларини талон тарож қилганликлари аниқланган.

Бошқа бир ҳолатда ҳам, ушбу МЧЖ мансабдорлари томонидан, халқ таълими бўлими тасарруфидаги, 7-сонли мактабнинг қўшимча хўжалик биносини қуриб бериш учун, шартнома асосида 157 млн сўм бюджет маблағлари ажратилган бўлиб, иш ҳажмини қўшиб ёзиш орқали, ҳақиқатда бажарилмаган ишлар учун яна 13 млн 441 минг сўм пуллар талон тарож қилинган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан, ЖКнинг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 3-қисми, 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш ва қалбакилаштириш, сотиш ёки фойдаланиш), 2 ва 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда, пудратчи «TEX KREDO» МЖЧ раҳбари Л.М. ҳимоячи билан таъминланган холда, жиноят ишига жалб этилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилган хабарда.