Jinoyat, O‘zbekiston

Фарғонада нашида эшитиб, уни тарқатган эркак 6 йилга қамалди

Фарғонада нашида эшитиб, уни тарқатган эркак 6 йилга қамалди

Фарғона вилоятида ақидапарастлик ғояларига йўғрилган нашидаларни тинглаб, тарқатиб келган фуқаро қамалди. Этиборлиси, у аввал ҳам судланиб, 18 йил қамоқ жазосини ўтаб чиққан. Ҳолат ҳақида ИИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум қилинишича, судланувчи 1999-йили жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159 (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) ва 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан айбли деб топилиб, 18 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Мазкур эркак белгиланган жазони тўлиқ ўтаб чиққан бўлишига қарамасдан, ўзига тегишли хулоса чиқармаган.

«Мен мазкур жиноятнинг жиноят эканлигини билмаганим учун суд залидан озод қилишларингизни сўрайман», дейди айбланувчи суд залида.

Марғилон шаҳар ИИБ ходимлари томонидан фуқаро Ў.га тегишли бўлган уяли телефон аппарати холислар иштирокида кўздан кечирилган. Текширув давомида унда Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланган 10 дан ортиқ диний мазмундаги материаллар сақланаётгани аниқланган. У ақидапарастликка оид материалларни ижтимоий тармоқлардаги шахсий профилига жойлаш орқали 460 дан ортиқ виртуал обуначига таъсир кўрсатишга уринган.

Айбланувчи Жиноят кодексининг 244-1-моддаси билан айбли деб топилиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.