Шавкат Мирзиёев Термиз тумани Янгиобод маҳалласидаги “Termez National Carpets” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.
Маълум бўлишича корхона йилига 2,2 миллион квадрат метр гилам ишлаб чиқариш қувватига эга. Бунинг учун Германия, Белгия, Туркиядан замонавий ускуналар келтириб ўрнатилган. 150 та янги иш ўрни яратилган.
Маҳсулотларнинг қарийб ярмини экспорт қилиш режалаштирилган. Хомашёнинг 80 фоизи маҳаллийлаштирилган. Корхона ишга туширилган қисқа вақтда Озарбайжон ва Қирғизистон давлатларига 255 минг долларлик гилам ва гилам маҳсулотлари экспорт қилинди. 2023- йилда 4 миллион долларлик маҳсулотни хорижлик буюртмачиларига етказиб бериш мўлжалламоқда.
Шунингдек, Давлатимиз раҳбари ишлаб чиқариш жараёни билан танишди. Вилоятда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари кўргазмасини кўздан кечирди.
Шу ерда 6 та янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш маросими бўлди. Термиз шаҳридаги “Инденим Cлустер”, Жарқўрғон туманидаги “Фабулло строй сервис”, Ангор туманидаги “Ангор Барака”, Термиз туманидаги “Термиз агро импекс” корхоналари, Сариосиё туманидаги қурилиш материаллари кичик саноат зонаси ва Тўпаланг гидро электр стансияси вакиллари видеоалоқа орқали мажмуалар салоҳияти ҳақида ахборот берди.
Термиз шаҳридаги “Инденим Cлустер” масъулияти чекланган жамияти пахта толасидан тайёр кийим-кечак ишлаб чиқаришга ихтисослашган. 400 та янги иш ўрни ташкил этилган.
Қайд этилишича, Жарқўрғон туманидаги “Фабулло строй сервис” корхонасида йилига 75 минг куб метр автоклав газоблок ишлаб чиқариш ўзлаштирилиб, 80 та янги иш ўрни ташкил этилди.
Ангор туманидаги “Ангор Барака” масъулияти чекланган жамияти савдо мажмуасида миллий ҳунармандчилик маркази ташкил этилган. У ерда йилига қарийб 125 минг дона тайёр тикувчилик, 50 турдаги миллий либослар ва ҳунармандчилик маҳсулотлари тайёрланиб, минг нафарга яқин хотин-қизнинг бандлиги таъминланади.
Сариосиё туманидаги кичик саноат зонасида замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади.
“Термиз агро импекс” масъулияти чекланган жамияти томонидан Термиз туманида 3 минг тонна сиғимга эга музлаткичли омборхона, замонавий иссиқхона барпо этилиб, 220 кишининг бандлигини таъминлаган.
Тўпаланг гидро электр стансиясини модернизасия қилиш лойиҳаси доирасида унинг умумий қуввати 175 мегаваттга етмоқда. Бу йилига 467 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқариш имконини беради.
Умуман, мазкур 6 та корхона 2 мингта янги иш ўрни яратади, уларнинг фаолияти туфайли вилоят ишлаб чиқаришига 370 миллиард сўм, экспортига 20 миллион доллар қўшилади.
Давлатимиз раҳбари рамзий тугмани босиб, янги корхоналарни ишга туширди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!