Ижтимоий тармоқлар орқали Янгиҳаёт тумани Марғиб кўчасидаги 2 та чинор дарахти қасддан ёқиб кетилгани ҳақида материаллар эълон қилинди. Ҳолат бўйича туман ҳокимлиги матбуот хизмати муносабат билдирди.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат бўйича Туман ички ишлар бўлими, туман фавқулодда вазиятлар бўлими ва туман экология бўлими томонидан тезкор ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, ҳолат ўрганилди.
Ўрганиш жараёнида 1 та чинор дарахти ўсишдан тўхтамайдиган даражада зарарлангалиги, иккинчи чинор дарахтининг эса ички қисми тўлиқ ёниб кетганлиги ва ўсиш эҳтимоли мавжуд эмаслиги аниқланди. Шу боис, аҳоли хавфсизлигини инобатга олган ҳолда, ушбу дарахт тегишли ташкилот масъуллари томонидан бартараф этилиши кўзда тутилган.
Ҳозирда ҳудуд атрофидаги камералар ўрганилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, ижтимоий тармоқлардан бирида ушбу дарахтлар ҳудудда қурилиш ишлари амалга оширилиши сабабли ёқилганлиги ҳам айтилмоқда. Шуни маълум қиламизки, ушбу ҳудуддан “Қорайўл-1” коллектори ўтган бўлиб, мазкур муҳофаза ҳудудда қурилиш ишларини амалга ошириш тақиқланади.
Ҳолат бўйича қўшимча тафсилотлар берилиши маълум қилинди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!