Меҳриддин Абдуллаев Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақида Адлия вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Президент Фармони (ПФ–31-сон, 10.03.2023 й.) билан Меҳриддин Раззоқович Абдуллаев Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари лавозимига тайинланди.
У 2020 йил январидан шу кунгача «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раиси лавозимида ишлаб келаётган эди. 2022-йил декабрида энергетика инқирози сабаб бошқа масъуллар қаторида ҳайфсан олганди.
Меҳриддин Абдуллаев Ҳисоб палатасида аввал ҳам фаолият юритган: 2017-йил декабрда палата раисининг ўринбосари, 2019-йил сентябрда биринчи ўринбосари этиб тайинланган.
У турли йилларда Бухоро вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари, Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси ижрочи директори сифатида фаолият кўрсатган.
Эслатиб ўтамиз, 11-март куни «Ўзбекнефтгаз» АЖга Баҳодиржон Сиддиқов раҳбар этиб тайинланганди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!