O‘zbekiston, Siyosat

Шавкат Мирзиёев ТДТ давлат раҳбарлари саммитида нутқ сўзаламоқда

Шавкат Мирзиёев ТДТ давлат раҳбарлари саммитида нутқ сўзаламоқда

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ТДТ давлат раҳбарлари саммитида нутқ сўзаламоқда. Давкат Раҳбари Туркиядаги зилзила билан боғлиқ вазиятга тўхталди.

«Дўстларимиз диёрида юз берган, мисли кўрилмаган ҳалокатли зилзила барчамизнинг қалбимизга чексиз қайғу ва изтироб солди. Зеро, бу мудҳиш офат натижасида бизнинг жондан азиз ота-оналаримиз, ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз ва фарзандларимиз қурбон бўлди ва жабрланди. Бу йўқотишнинг ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди.

Таъкидлаш жоизки, биродар халқларимиз минг йиллар давомида турли мураккаб вазият ва муаммоларни ўзаро аҳиллик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик билан мардона енгиб ўтганлар.

Ўзбекистон халқи дўстларимиз бошига тушган оғир кунларда “Туркия, биз сен билан биргамиз!” дея бир тану бир жон бўлиб, турк биродарларимизга ёрдамга шошилди.

Биз мудҳиш фожиада қурбон бўлган ўн минглаб бегуноҳ кишилар хотирасини ҳеч қачон унутмаймиз.

Ижозатингиз билан, ҳаётдан бевақт кўз юмган барча инсонларнинг порлоқ хотирасига алоҳида ҳурмат бажо келтириш мақсадида ҳар йили 6 февраль санасини Туркий давлатлар ташкилоти доирасида Қурбонларни хотирлаш ва бирдамлик куни деб эълон қилишни таклиф этаман.

Фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш мақсадида Ташкилотимизнинг тизимли ҳамкорлик платформасини ташкил этиш ташаббусини илгари сураман. Бу платформа доирасида аниқ механизмларни жорий этиш ва муҳим чоралар кўришни кечиктириб бўлмайдиган вазифа, деб ҳисоблайман.

Биринчидан, Ташкилотимиз доирасида табиий офатлар ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган кўп томонлама битимни тезроқ ишлаб чиқиш долзарб аҳамиятга эга. Бу борада Туркия томони тақдим этган фуқаролар муҳофазаси бўйича тизим яратиш ҳақидаги ҳужжат лойиҳасини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.

Иккинчидан, фавқулодда вазиятлар бўйича вазирликларимиз ўртасидаги шериклик алоқаларини кескин фаоллаштиришимиз лозим. Уларнинг навбатдаги йиғилишида энг устувор йўналишлар бўйича қўшма ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиш айни муддао бўлар эди.

Асосий диққатни техник хавфсизлик талабларига қатъий эътибор қилиш ва жаҳоннинг энг илғор тажрибасини соҳага татбиқ этиш; аҳолининг доимий хабардорлигини ошириб бориш; қутқарув хизматлари мутахассисларининг малака ва тажрибасини ошириш; қўшма ўқув машқларини ўтказишга қаратишимиз керак.

Учинчидан, бундай кутилмаган ва оғир синовли пайтларда ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни бартараф этишда яқиндан кўмак кўрсатиш механизмларини жорий этиш мақсадга мувофиқдир.

Сўз озиқ-овқат маҳсулотлари ва қурилиш молларини тўсиқсиз етказиб бериш, саноатни тиклашга қаратилган кооперация лойиҳаларини ишга тушириш ҳақида бормоқда. Албатта, бугун расман таъсис этилаётган Туркий инвестиция фондининг илк молиявий ресурсларини ҳам ушбу лойиҳаларга жалб этиш мумкин, деб ҳисоблаймиз», дейди Шавкат МИрзиёев