Mittivine жамоаси аъзоси Улуғбек Шодибеков Chotki TV You tube каналига берган интервюсида марҳум дўсти Фарҳод Манноповнинг ўлимига оид бир қанча тафсилотларни айтиб берди. You tube’да қисқа вақтда миллионлаб томоша йиға олган ушбу контент ижтимоий тармоқ фаоллари орасида “рекламалар кўп бўлган” интервю сифатида салбий қаъбул қилинди.
Айниқса, айрим блогерлар бошловчи дўстининг ўлими ҳақида йиғлаб гапираётган Улуғбек Шодибековнинг интервюси орасига 10 дан зиёд рекламаларни жойлаш ҳурматсизлик эканини қайд этган.
Бундан ташқари, аслида Фарҳод Манноповнинг хусусий клиникадан ўлиги чиққанига қарамасдан дастурда шундай турдаги клиникалар рекламаси берилгани ҳам қатъий танқид остига олинди.
“Ўтиб қолган инсонни озгина ҳурмат қилиб, лоақал хусусий клиникани реклама қилмасликни иложи йўқмиди?”, дейди Subyektiv муаллифи Жамшидхон Зиёхонов Chotki TVнинг эълон қилган видеосига нисбатан муносабат билдирар экан.
Troll.uz асосчиси, блогер Умид Гафуров эса видеонинг 15 минутини кўриши биланоқ рекламалардан асаби бузилганини билдирди. Унинг ўзининг телеграм каналида эълон қилган видеода ҳиссиётларини яшириб ўтирмади:
“Ўлим ҳақида гапириб турган жойида реклама тиқяпти. Салгина фаросат керак!” дейди у.
Умид Гафуров оламдан ўтган дўсти ҳақида гапиришга келган инсонга ҳомийлардан совғалар бериш яхши эмаслигини айтиб ўтган.
“Яна орасида тиббий клиникадан сертификат бор. Шунчалик ҳам савиясиз бўладими одам? Шуни жамоасида биттагина ақли бор инсон топилмадими? Пул топиб ақл топмаганлар!”, деб ёзиб қолдирган Гафуров.
Блогер Нурбек Алимов интервюда реклама қилинган тагликни энди умуман сотиб олмаслиги, юрист ва блогер эса худди шундай реклама қилинган сок маҳсулотини ичмаслигини ёзиб қолдирган.
“Мен шу сокдан ичмайман. Бу сок менга яқин дўстини йўқотиб йиғлаётган йигит билан ассоциация бўлади энди. Бу сокни ичсам яқин дўстимни йўқотиб мен интервью бераётгандек туюламан”, деб ёзган Баҳодир Аҳмедов ўзининг телеграм саҳифасида.
Яна бир блогер Кундузий ҳам хусусий клиникалар рекламаси қилиниши билан боғлиқ вазиятга урғу қаратган:
“Хусусий клиникадаги докторларнинг хатоси туфайли оламдан ўтган инсоннинг дўстини интервюга чақириб, ўша видеога 18 та реклама тиқиб, оҳирида ҳусусий клиникага ваучер бериш учун фаросат қанчалик паст бўлиши керак?”, деб ёзиб қолдирган у ўзининг телеграм саҳифасида.
Қайд этиш керакки, интервюда Фарҳод Манноповнинг ўлими билан боғлиқ муҳим тафсилотлар, одамларга номаълум бўлган тафсилотлар баён этилган. Аммо бу қаторлаштириб ташланган рекламалар соясида қолиб кетган. Шунингдек, Тwиттер, Фаcебоок ва Инстаграм ижтимоий тармоқлари орқали ҳам интервюдаги рекламаларнинг нотўғри паллада қўлланиши салбий муносабат билдирилган ко;плаб изоҳларн учратиш мумкин.
Улугбек Шодибековнинг интервюсидан парча (Daryo нашри ёзиб олган):
— Ўйлаб қарасам, ҳаммаси бир ссенарий асосида тузилгандек бўлиб ўтди. Чунки бассейнга чўмилгани боришимиздан анча аввал купонни беришган эди. “Бассейнга бормаймизми?” деди.
“Бориб янги видеолар қиламиз”, деб бассейнга бордик. У аввалдан сув тагида сузишни яхши кўрарди. Тоғларга борсак ҳам сув тагида сузиб, адреналин оларди. Бурнидан жароҳат олганидан кейин ўша ердаги бир одам яхши шифокор бор деб тавсия қилди. Тўғри, у ҳам ёмон ниятда айтмади.
У шифокорнинг беморлари кўп бўлгани учун бирдан қабулига ҳам бориб бўлмас экан. Аммо Фарҳод қўнғироқ қилганида биттада жавоб бериб, “Келинг” деди. Орадан бир соат ўтиб, клиникага бордик.
Фарҳод шу баҳона бурнимдаги қийшиқни ҳам тўғрилатиб оламан, деди. Шифокор текширди, Фарҳод билан операция суммасини келишишди. Шифокор эртаси куни эрталаб келиб, таҳлиллар топширишни тайинлади. Фарҳод қабулдан чиқиши билан онасига қўнғироқ қилиб: “Она, қачондан бери бурнимни тўғрилатишим керак деб юргандим. Худойим яхши докторга йўлиқтирди”, деб хурсанд бўлиб гапирди. Жароҳат олган бўлса ҳам аҳволи яхши эди. Чунки ўша куни ҳам тунги соат биргача жамоадаги йигитлар билан ўйин ўйнаб ўтирдик.
Эрталаб ўзим клиникага олиб бораман деб қўнғироқ қилсам, йўлга тушганини айтди. “Таҳлилларни топшириб тураман, сен соат 11:00 га келавер”, деди. Айтган вақтига бориб, бир-иккита видео тайёрладик. Фарҳод жума намозига бориб келгунимга қадар операциядан чиқиши ва соат 15:00 ларга яқин хонага жойлаштирилиши ҳақида айтиб берди. Намозга кетган вақтим у менга бир нечта овозли хабарлар жўнатибди. Шу кунгача бирор марта бир-биримизга салом бермас эдик. “Ассалому алайкум”, деб бошланган овозли хабарни эшитиб бошқача бўлиб кетдим.
Клиникага келсам, операцияга олиб кириб кетишган экан. Клиникага Фарҳоднинг онаси ва аёли ҳам етиб келишди. Аввалига нега операциядан кеч чиқаётганининг сабабини айтишмади.
Шифокорнинг ёрдамчисига қўнғироқ қилсам “Бошқа беморлар келиб қолди, шунга операция ортга сурилди”, деди. Хуллас, соат 20:30 да Фарҳод комага тушиб қолганини айтишди. Кейин билсак, у операцияга олиб кирилганидан бир ярим соат вақт ўтгандан кейин аҳволи оғирлашган экан. Нима учун бизга шунча вақт ўтиб хабар қилишганига ҳайронман.
Шунча қаршилик қилишганига қарамай Фарҳоднинг олдига кирдим. Шу кунга қадар кома ва жонлантириш хонаси ҳақида билмасдим. Унинг аҳволини кўриб қўрқиб кетдим. Ўзимни тутиб туролмай, “Фарҳод, онанг учун ҳам ўзингни қўлга олишинг керак. Жамоамиздаги энг кучли инсонсан”, қайт жигар”, деб бақириб юбордим.
Ажални муҳокама қилишга ҳаққимиз йўқ. Аммо бу хабарни бизга шунча вақт ўтиб айтишгани алам қилди. Бир ярим соатда чиққан муаммони олти соатдан кейин айтишмаса ҳам бўларди-ку.
Айтишларича, Фарҳоднинг юраги уч марта тўхтаб қолган ва бошқа аъзолари ҳам ишдан чиққан. Ҳолатни билганимиздан кейин бошқа шифокорларни олиб келдик. Улар вазиятни билиш учун операция қилган шифокор билан йўл-йўлакай телефонда гаплашиб келишди. Ҳатто юраги қанча вақтга тўхтади, деган саволга ҳам “1-2 дақиқа” деб ноаниқ жавоб беришди.
Клиникадаги шифокорлар Фарҳоднинг иситмаси чиққанини ҳам кеч билишган. Унинг тана ҳарорати 42 даражагача кўтарилгани ҳақида айтишди. Дори реакциясидан кейин қон босими тушиб кетган, уни кўтариш билан овора бўлиб туришганида ўпкасига қон кетган. Қонни тўхтатгунча иситмаси кўтарилиб кетган. Ўпка, жигар ва ҳатто юракни ҳам ишдан чиқариб бўлганидан кейин беморнинг яқинларига хабар беришган. Энг ёмони, ташқаридан олиб кирган шифокорларимиз “Фалон дори борми? Мана бу аппарат борми?” деб сўрашса, “Йўқ” деб жавоб беришяпти. Қоннинг ҳолатидан келиб чиққан ҳолда беморнинг аҳволини назорат қиладиган таҳлил бор экан. Ҳатто бу таҳлил ҳам клиникада йўқ экан. Ҳар ярим соатда қонни олиб, бошқа клиникада текширтириб келдим. Ташқаридан нафақат шифокорлар, ҳатто тиббиёт аппаратларини олиб ҳам кирдик.
Клиникадаги шифокорлар “ўйин”дан чиққандек бир четда қараб туришди. Беморнинг соғлиғи тикланиши учун ҳаракат қилишмади. Шифокорга бориб “Фарҳод учун эмас, клиниканинг номи учун бўлса ҳам ҳаракат қилинглар”, десам “Мусулмонмисиз?” деди. Ўлим ҳақ эканлигига ишонаман, аммо ҳаракат қилиш керак-ку”, — дейди Mittivine кулги жамоаси аъзоси Улуғбек Шодибеков.
Фарҳод Манноповнинг ўлими хронологияси:
Таниқли блогер Mittivine тахаллуси билан танилган Фарҳод Маннопов оламдан 5 мартга ўтар кечаси вафот этганди. Бу ҳақда биринчи бўлиб марҳумнинг яқин дўстлари инстаграм саҳифасида маълум қилишган.
Фарҳод Маннопов ўзининг халқона ҳазиллари, жамият ва оила билан боғлиқ вайнлари билан ҳамманинг қалбидан чуқур жой олиб улгурган эди. Ўзининг жамоаси билан ўзбек вайнсферасида катта ўзгариш қила олган блогер сифатида танилганди.
Кейинчалик, Бош Прокуратуранинг маълум қилишича, 26 ёшли Фарход Маннопов (Миттивине) ўтказилган жаррохлик амалиётидан кейин вафот этганлиги ҳолати юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган.
Текширув доирасида шифокорларнинг хатти-ҳаракатлари бўйича хизмат текшируви тайинланган.
Шундан кейин, Фарҳод Манноповнинг ўлими юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Чилонзор тумани прокуратураси томонидан Фарход Маннаповнинг вафот этганлиги юзасидан текшириш ўтказилди.
Ҳолатга алоқадор шахсларни батафсил сўроқ қилиш, қўп вақт талаб қилинадиган мураккаб экспертизалар тайинлаш ва бошқа бир қатор тергов ҳаракатларини ўтказмасдан қонуний тўхтамга келиш имкони йўқлиги сабабли Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 4-кисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Вайнернинг ўлими бўйича дастлабки ўрганиш натижасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Жалолиддин Асомиддиновнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ўтказилган лаборатор таҳлиллар ва МСКТ текширувларидан сўнг унда бурун тўсиғининг қийшайиши, гаймор бўлиқлари гиперплазияси, ўрта ва пастки бурун чиғаноқлари гиперплазияси аниқланган.
Беморнинг розилиги билан унда тегишли жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Фуқарога риносептопластика амалиёти учун эндотрахеал наркоз берилган. Бироқ операция даврида марҳумнинг аҳволи тўсатдан ёмонлашган. Олиб борилган интенсив ва реанимацион даво чораларига қарамасдан жорий йил 5 март куни соат 03:22 лар чамаси унда биологик ўлим қайд этилган.
“Айни пайтда текширувлар олиб борилаётгани сабабли “Star Med Center” клиникаси фаолияти вақтинча тўхтатилган. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тегишли органлар билан биргаликда фуқаро Фарҳод Маннопов вафоти юзасидан белгиланган тартибда ўрганиш ишлари олиб бормоқда”, дейди Жалолиддин Асомиддинов.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!