O‘zbekiston, Yangiliklar

Олмазорликлар уч кун «светсиз» қолиб кетди. ҲЭТ ниҳоят носозлик бартараф этилганини маълум қилди

Олмазорликлар уч кун «светсиз» қолиб кетди. ҲЭТ ниҳоят носозлик бартараф этилганини маълум қилди

Тошкент шаҳри Олмазор туманининг айрим ҳудудларини электр энергияси билан таъминловчи 110/35/10 кВА бўлган юқори кучланишли «Сағбон» подстансиясидаги мавжуд кучланиши 25 000 кВАли электр қурилмасида фавқулодда аварияли узилиш содир бўлган эди. Оқибатда туман аҳолиси уч кун давомида «светсиз» қолди. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бугун таъмирлаш ишлари якунига етганини маълум қилди.

«110/35/10 КВА бўлган юқори кучланишли «Сағбон» подстансиясида носозлик юзага келган куч трансформатори ўрнига ўрнатилган куч трансформаторини монтаж ишлари якунига етказилиб, трансформатор орқали электр энергияси етказилиб берилиши тўлиқ тикланди», дейилади хабарда.

ҲЭТ АЖ Тошкент шаҳар филиали мазкур таъмирлаш ишлари туфайли электр энергияси таъминотидаги вақтинча узилишлар сабабли етказилган ноқулайликлар учун ушбу ҳудудларда яшовчи истеъмолчилардан узр сўраган.

Шунингдек, истеъмолчиларга ўрнатилган янги куч трансформаторининг ўрнатилиши мураккаб жараён бўлгани сабабли узоқ вақт талаб этилганлигини ҳамда аварияни тиклаш ишларида 12 та махсус автотранспорт воситалари ва 84 та энергетик ходимлар ёрдамида 2 кун узлуксиз иш жараёнлари давом этганлигини маълум қилинган.

Маълумот учун, Олмазор туманининг «Аҳил», «Пахта», «Янги Тошкент», «Беруний», «Шодиёна», «Истиқбол», «Олтинсой», «Бўстанобод», «Тепа Гузар», «Ғалаба», «Табассум», «Ислом ота» ҳамда «Чуқурсой» маҳаллалари ҳудудларини электр энергиясисиз қолган.