O‘zbekiston, Yangiliklar

Халқаро қидирувдаги шахс Швециядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди

Халқаро қидирувдаги шахс Швециядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди

Ўзбекистонга халқаро қидирувда бўлган шахсни экстрадиция қилиш Швециядан биринчи марта амалга оширилди. Бу ҳақда Интерполнинг Ўзбекистондаги бюроси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Тошкент ва Стокголм Интерпол Миллий Марказий бюроларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари ҳамда Лион шаҳрида ўтказилган Миллий марказий бюролар раҳбарларининг йиллик конференция давомидаги учрашувлар натижасида Швециядан биринчи марта жиноятчи Ўзбекистонга экстрадиция қилинди.

Қидирилаётган шахс ноқонуний бойиш мақсадида бир гуруҳ шахслар билан тил бириктириб, пухта ўйланган режага мувофиқ, тегишли ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали кўчмас мулкни сотиш билан шуғулланган ва ўзининг ушбу фирибгарлик ҳаракатлари орқали катта моддий зарар етказган.

Олинган маълумотларга кўра, жиноятчи Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳудудида яширинган, аммо тезкор-қидирув тадбирлари давомида қидирувдаги шахс Швеция ҳудудида аниқланган ва ҳибсга олинган.

«Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг экстрадиция тўғрисидаги илтимосномаси қаноатлантирилганидан сўнг жиноятчи Интерпол ММБ ходимлари ҳамроҳлигида адолат қарор топиши учун Ўзбекистонга олиб келинди»,  дейилган хабарда.