O‘zbekiston, Yangiliklar

“Uzbekiston airports” ва бир қатор ташкилотлар “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунни бузди

“Uzbekiston airports” ва бир қатор ташкилотлар “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунни бузди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги шу йилнинг феврал ойида давлат харидлари соҳасида ўтказилган мониторингида бир нечта қонунбузарликларни аниқлади. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, вазирлик ва идоралар томонидан 2023-йилнинг феврал ойида жами 4,35 трлн сўмлик 77 411 та давлат харидлари амалга оширилган.

Шундан:

  • 234,2 млрд сўмлик 39 006 та харидлар электрон дўкон,
  • 25,5 млрд сўмлик 1 895 та харидлар электрон ауцион,
  • 203 млрд. сўмлик 2 103 та харидлар энг яхши таклифни танлаш,
  • 107,5 млрд. сўмлик 521 та харид тендер,
  • 1,5 трлн. сўмлик 9 989 та харидлар ягона етказиб берувчилар билан,
  • 2,28 трлн. сўмлик 23 897 та харидлар тўғридан-тўғри шаклда амалга оширилган.

Ўрганишларда айрим давлат буюртмачилари томонидан давлат харидларини амалга оширишда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги аниқланган. Шу йилнинг феврал ойида жами 26 млрд. сўмлик қонунбузарликларни бартараф этиш ва бу каби ҳолатларга бошқа йўл қўймаслик ҳақида буюртмачиларга 26 та тақдимнома киритилган. Аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Хусусан, “Uzbekiston airports” АЖ буюртмачилигида 2023 йил 7 феврал куни 4,3 млрд сўмга жиҳозлар харид қилиш бўйича ўтказилган давлат хариди ўрганилганда “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 34-моддаси талабига зид равишда давлат харидлари жараёнида иштирокчиларга рақобатни чекловчи шартлар киритилганлиги аниқланган.

Шу каби “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Хоразм ҳудудий филиали буюртмачилигидаги 2023 йил 10 феврал куни 2,6 млрд сўмга “Темир-бетон устун” харид қилиш бўйича ўтказилган давлат хариди ўрганилганда “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 10, 14 ва 46-моддалари талаблари бузилгани маълум бўлган.

Шунингдек, Тошкент вилояти Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази буюртмачилигидаги 2023 йил 10 феврал куни 796 млн сўмга тиббий асбоб ускуналар сотиб олиш бўйича ўтказилган давлат харидида аффилланганлик ҳолатларига баҳо берилмагани аниқланган.

Мазкур ҳолатларда харид комиссияси томонидан ўзаро аффилланган иштирокчилар харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этишдан четлатилмасдан Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунининг 23-моддаси ва “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 14-моддаси талаблари бузилган.

Агентлик томонидан киритилган тақдимнома ва сўровномалар натижасида 12 та давлат хариди бекор қилинган ҳамда 7 та маъмурий иш қўзғатилган.