Бугун, 3 апрель куни, Франция Президентининг маслаҳатчиси Изабель Дюмон Президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлиб, унга Макроннинг саломи ва шахсий мактубини етказди. Учрашувда олий даражадаги келишувларни амалга ошириш масалалари ва икки мамлакатнинг ҳар томонлама шериклигини кенгайтириш малалари кўрилган. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда фаол сиёсий мулоқотларни давом эттириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, Франциянинг етакчи компания ва банклари билан “яшил” энергетика, қазиб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, сув таъминоти тизимини, транспорт ва туризм инфратузилмасини модернизация қилиш каби йўналишларда биргаликдаги йирик лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги алоҳида таъкидланган.
Париж шаҳридаги Лувр музейи ва Араб дунёси институтидаги маданий тадбир ва кўргазмалар муваффақиятли ўтгани юксак баҳоланди. Ўзбекистон мактабларида француз тилини ўрганишни кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилган.
Шунингдек, давлат раҳбари Макроннинг маслаҳатчиси билан Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашган.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!