Шу йилнинг 3 март куни Ургут тумани «Терсак» маҳалласида яшовчи 2004 йилда туғилган А.С. шу маҳаллада жойлашган ота-онасининг яшаш хонадонининг ёрдамчи хўжалик хонасида номаълум сабабларга кўра ўз жонига қасд қилиб, арқон ёрдамида бўйин соҳасидан осган. Натижада, қиз воқеа жойида вафот этган.
Марҳуманинг ўлими сабабларини аниқлаш мақсадида шу куни суд тиббиёт экспертизаси тайинланган. Суд тиббиёт экспертизасининг хулосасида, С.А.нинг ўлими осилишда бўйин аъзоларини сиртмоқ билан қисилиши натижасидаги механик асфиксиядан келиб чиққанлиги кўрсатилган.
Шу билан бирга марҳума С.А.нинг турмуш ўртоғи С.С. томонидан ўз уяли телефонида сақланган беҳаё Телеграм-каналига марҳума турмуш ўртоғининг фотосуратини тақдим этган.
Мазкур фотосурат кўздан кечирилганда, қайд этилган канал номланишидан беҳаёлик ва одобсизликдан далолат берса-да, фотосуратдаги қизларнинг кийим-кечаги мавжуд бўлиб, обрўсизлантириш, камситиш ёки ахлоқ-одоб нормаларига зид келувчи белгилар мавжуд эмаслиги ҳамда фотосурат остида бирон ёзув, изоҳ ёки ҳаволалар мавжудлиги аниқланмаган.
Терговга қадар текширув натижасига кўра, бирон бир кишининг ҳаракатида жиноят таркиби ва жиноий ҳодиса аниқланмаганлиги боис, 1 апрель куни жиноят иши қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Мазкур қарор Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан назорат тартибида ўрганилиб, бекор қилинди ва қўшимча текшириш ҳаракатларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказиш ҳақида кўрсатма берилди.
Бош прокуратуранинг хабар беришича, Ургут туманида 18 ёшли қиз ўз жонига қасд қилганлиги ҳолати юзасидан қўшимча текшириш ҳаракатлари ўтказилди.
Марҳумага раҳмсиз муомала қилиш ёки унинг шаъни ва қадр-қимматини мутассил равишда камситганлик ҳолатлари бўлганлигига аниқлик киритиш учун гувоҳларни батафсил сўроқ қилиш, юзлаштириш, қўшимча экспертизалар ўтказиш ва бошқа зарур тергов ҳаракатларини ўтказмасдан қонуний тўхтамга келиб бўлмаслигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 103-моддаси (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Тергов жараёни Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан назоратга олинган.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!