2022 йилнинг октябр ойида Фарғонада 64 ёшли қайнота келинини ўлдириб, унинг бошини узиб олгани аниқланган. Мазкур ҳолат бўйича қайнотага нисбатан суд ҳукми ўқилди.
Ушбу воқеа вилоятнинг Қўштепа тумани, “Қумдон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги хонадонлардан бирида содир бўлган. Иш ҳужжатларида айтилишича, 1958-йил туманнинг мазкур маҳалласида туғилган айбланувчи кенжа фарзандининг хотини билан ўзаро жанжаллашиб қолган. Жанжал давомида қайнота томонидан қаттиқ зарб билан урилган келин ҳушини йўқотиб ерга йиқилган.
Айбланувчи уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, келинини Матиз’нинг орқа ўриндиғига юклаб, уни Фарғона тумани, Оқбулоқ қишлоғидаги адирликка олиб борган. Шундан сўнг ошхона пичоғи билан ҳушсиз келинининг бош қисмини танасидан буткул ажратиб олган.
Бош қисмини қора целлофан пакетга солиб, Олтиариқ тумани “Файзобод” МФЙдаги йўл четида жойлашган арча дарахти орасига илиб кетган. Суд тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, марҳума оғир тан жароҳати олгани ва кўп қон йўқотгани оқибатида вафот этган.
Ҳолат жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман суди томонидан кўриб чиқилиб, айбланувчига нисбатан суд ҳукми ўқилди.
Судланувчи Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми ва 134-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилди. Жиноят кодексининг 59-моддаси 3-қисмига асосан тайинланган жазони қисман қўшилиб, 13 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!