Наманган вилояти Давлатобод туманида 152 маротаба қоидабузарлик содир этган Hyundai Sonata ҳайдовчиси аниқланди. Бу ҳақда Наманган вилояти Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 31-март куни соат 23:30 атрофида туманнинг Ислом Каримов кўчасида Hyundai Sonata русумли 01 Т 234 ZA давлат рақам белгили автомашина ЙПХ ходими томонидан тўхтатилиб, ҳайдовчидан ҳайдовчилик гувоҳномаси ва автомашинага тегишли бўлган ҳужжатларни кўрсатилиши талаб қилинган.
Рул бошқарувидаги ҳайдовчи автомашина унга тегишли эмаслигини айтиб, ходимга ҳеч қандай ҳужжат бермаган. Шундан сўнг автомашина белгиланган тартибда вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилганда автомашинани рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси йўқлиги, юқоридаги давлат рақам белгиси эса ЙҲХХдан рўйхатдан ўтказилмагани аниқланган.
Келтирилишича, Чуст туманида яшовчи 33 ёшли фуқарога тегишли бўлган автомашинада содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар ўрганилганида, ҳайдовчи 2023-йилнинг шу вақтига қадар жами 152 та ҳолатда тезликни меъёридан оширгани ва ушбу қоидабузарликлари ортидан юзага келган жарима суммаси 410 миллион сўм экани маълум бўлган.
Бироқ давлат рақам белгиси ҳақидаги маълумотлар тизимда мавжуд эмаслиги боис содир этилган қоидабузарликларга нисбатан жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқаришнинг имкони бўлмаган.
Хабарда айтилишича, ушбу ҳайдовчи ҳеч қаерда қайд этилмаган давлат рақам белгиси билан автомашинани истаган тезликда бошқариб инсонлар ҳаётига хавф солиб келган. Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Автомашина айни пайтда жарима майдонида.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!