Ilm-fan, O‘zbekiston, Yangiliklar

Россияга экспорт қилинган ўзбек гилосидан вирус чиқдими? Расмий изоҳ берилди

Россияга экспорт қилинган ўзбек гилосидан вирус чиқдими? Расмий изоҳ берилди

Ижтимоий тармоқларда ўзбек гилосидан вирус топилгани ва Россияга Ўзбекистондан 19 тонна касалланган гилос олиб борилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат бўйича Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, ахборот манбаларида эълон қилинган ҳолат бўйича Россия карантин хизмати (“Росселхознадзор”) томонидан Ўзбекистон карантин хизматига эътирознома (нотификация)лар келиб тушмаган. Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида “Росселхознадзор” федерал хизмати билан музокаралар олиб борилган.

Россия томони билдиришича, Омск вилоятига етиб борган гилос партиясида “шарқ мевахўри” аниқланган. Икки томоннинг келишувига асосан маҳсулотдан намуналар олиниб фитосанитария лаборатория текшируви ўтказилиши, экспертиза хулосасида “шарқ мевахўри”нинг личинкалари тирик ҳолда аниқланган тақдирда фумигация (зарарсизлантириш) ишлари олиб борилганидан сўнг Федерация ҳудудига олиб кирилиши белгиланган.

Экспортга йўналтирилган маҳсулот етиштирилган боғни аниқлаш, тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида Агентлик томонидан махсус тезкор гуруҳ тузилиб, фитосанитар карантин назоратини ўтказиш белгиланган.

Маълумот ўрнида, “шарқ мевахўри” Ўзбекистон, МДҲнинг бир қатор давлатларида, жумладан, Россиянинг баъзи ҳудудларида ҳам чекланган миқдорда тарқалган. Ушбу карантин организми инсон ҳаётига хавф соладиган вирус эмас, ўсимликлар дунёси учун зарарли ҳашарот ҳисобланади. Зараркунанда ўсимлик зараркунандаси бўлиб, тангачақанотлилар туркумининг барг ўровчилар оиласига мансуб. “Шарқ мевахўри” данак ва уруғ мевали дарахтларни, ёш кўчатларни, хусусан, шафтоли, ўрик, олхўри, нок, олма, олча, гилос, беҳи ва дўлана кабиларни зарарлайди.